Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дашт ҳудуддаги хонадонларга тоза сув кириб борди

Бир қарашда, хонадонларга қувур орқали сув етказиб бериш оддий инфратузилма ишидек туюлиши мумкин. Аммо унинг замирида минглаб инсонларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш ва саломатлигини муҳофаза қилишдек катта ижтимоий мақсад мужассам.

«Юксалиш» ҳаракати ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ҳаёт улаш» лойиҳаси ҳам ана шундай хайрли мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Лойиҳа доирасида вилоятимизнинг бир қатор ҳудудларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, йиллар давомида ечимини кутиб келган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Нуробод туманидаги Сариқўл маҳалласида 240 метр чуқурликда қудуқ қазилиб, янги сув минораси ўрнатилди. Натижада қарийб 1000 нафар аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

- Йиллар давомида сув йўқлигидан қийналиб келаётган эдик, - дейди маҳалла нуронийси Собир бобо Раҳимов. - Энди ҳар бир хонадонга тоза сув етиб келди. Бу хайрли иш учун лойиҳа ташкилотчилари ва ҳомийларга бутун маҳалламиз номидан раҳмат айтамиз.

Нуробод туманидаги ушбу лойиҳа Корея Республикасининг «Good Neighbors» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда «Nur Avenue» корхонасининг молиявий кўмагида амалга оширилди.

Эътиборлиси, бундай хайрли ташаббуслар давлат идоралари, жамоатчилик ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда. Бу жараёнда тадбиркорларнинг жамият олдидаги масъулияти, ҳомийлик ташаббуслари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки муҳим ўрин тутмоқда.

Шу билан бирга, бундай лойиҳаларнинг ҳақиқий самараси нафақат уларнинг барпо этилиши, балки узоқ йиллар давомида барқарор ишлаши билан ҳам белгиланади. Бунинг учун сув сифати мунтазам назорат қилиниши, инфратузилма объектлари ўз вақтида таъмирланиши ва улардан оқилона фойдаланиш йўлга қўйилиши зарур. Демак, яратилган имкониятларни асраб-авайлаш, иншоотларнинг аҳолига узоқ йиллар давомида хизмат қилишига эришиш ҳам муҳим вазифалардан биридир.

Дилмурод Тўхтаев.