Дастуриламал ёки узоқ муддат мақсадларимиз режаси

Сўнгги йилларда Мурожаатнома йўллаш анъанага айланиб, у мамлакатни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берувчи муҳим сиёсий ва стратегик ҳужжат сифатида қарор топди. Шу сабаб давлатимиз раҳбарининг жорий йилдаги Мурожаатномаси ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Жорий йилги Мурожаатномада 2026 йили амалга ошириладиган қуйидаги энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур тақдим этилди:

  • биринчи устувор йўналиш — маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш;
  • иккинчи устувор йўналиш — иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш;
  • учинчи устувор йўналиш — ички бозорда талабни рағбатлантириш;
  • тўртинчи устувор йўналиш — касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш;
  • бешинчи устувор йўналиш — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
  • олтинчи устувор йўналиш — замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттиришдан иборат.

Мурожаатномада қайд қилинган бу устуворликларнинг ўзиёқ ҳар бир соҳа кишиси, умуман, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун дастуриламал, таъбир жоиз бўлса? маёқ бўлиши шубҳасиз.

Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаати ортда қолаётган тўққиз йилда жамиятимиз ва давлатимиз босиб ўтган катта тараққиёт йўли теран ҳамда холис таҳлил қилингани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Шу сабабли “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Биргина шу ташаббус эришган ютуқларимиз олдимизда турган маррани янада каттароқ олишга асос бўлаётганини бугун ҳар бир юртдошимиз теран англаб турибди.

Президентимиз таъбири билан айтганда,“Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик. Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин”.

Дарвоқе, Мурожаатномада фақат келгуси йил учун мақсад ва вазифалар қайд қилинган, десак унинг қийматини, баҳосини тушириб юборган бўламиз. Зеро, Мурожаатномада катта ва узоқ муддатли мақсадлар ҳам илгари сурилди. Мисол учун, Ўзбекистоннинг келажакда ўз космонавтларини коинотга учириш нияти борлиги қайд этилди.

Аслида фақат шунинг ўзиёқ юртимизда илм-фан, таълим, технология ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг кўлами, келажаги ва рамзий натижаси сифатида эътироф этилиши мумкин.

Умуман, Мурожаатнома Ўзбекистон бундан кейин ҳам халқ фаровонлиги учун замон билан ҳамнафас қадам ташлаши, бунинг учун барча имкониятлар борлиги эътироф этилди. Биз, депутатларга қонунчиликни илғор давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш вазифаси қўйилди.

Диёр Ҳусанов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.