Давлат бюджетидан 9 ой давомида қайси тармоққа қанча харажат қилинган?

2019 йил 9 ойлигида Давлат бюджети даромадлари 79 триллион 159,5 миллиард сўмни ташкил қилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46,2 фоизга ўсди ҳамда белгиланган 73 триллион 220,0 миллиард сўм режа 5 триллион 939,5 миллиард сўмга ортиғи билан (108,1 фоиз) бажарилди.

Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 21,9 фоизга етди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча қўмиталарнинг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Давлат бюджетининг ўтган 9 ойлиги якуни бўйича харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 86 триллион 482,4 миллиард сўмни (аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 99,0 фоиз) ёки ЯИМга нисбатан 23,9 фоизни ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, Давлат бюджети умумий харажатларининг қарийб 53,2 фоизи, яъни 45 триллион 970,9 миллиард сўми ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланди.

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини (52,6 фоиз) ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 24 триллион 193,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатлари (нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари)га 3 триллион 451,5 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 10 триллион 568,8 миллиард сўмни (ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 23,0 фоизини) ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 60,9 фоизга ўсиш қайд этилганини кўрсатади.