Давлат дастуридаги 7 та, ҳудудий дастурлардаги 104 та вазифалар бажарилмаган

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган.

Гуруҳ томонидан Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 10 ойлик ижроси бўйича тайёрланган муқобил ҳисоботнинг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тайёрланган ҳисоботга кўра, Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, унда 671 та вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган. Шундан 2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига Давлат дастурининг 238 та банди бўйича 396 та вазифа ижроси таъминланиши зарур эди.

Шу кунга қадар Давлат дастуридаги жами 266 та вазифа ижроси таъминланган. Шу билан бирга, муддатларда тўлиқ бажарилмаган бандлар ҳам йўқ эмас. Давлат дастурида белгиланган 7 та вазифа бугунги кунга қадар бажарилмаган, 18 та вазифанинг ижро муддатлари узайтирилган. Давлат дастурининг 105 та вазифа юзасидан ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган.

Шунингдек, ҳудудий дастурлар бўйича 104 та вазифалар бажарилмаган.

Масалан, Самарқанд вилоятида 2022 йилда республика бюджети ҳисобидан 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш, маҳаллий бюджет ҳисобига 13 та янги бино қуриш ва 1 та мукаммал таъмирлаш белгиланган. Ўрганишлар давомида фойдаланишга топширилган 7 та объектда электр энергияси, иситиш тизими ва пол қопламаларининг қўйилиши, ташқари лотоклар объект лойиҳа-сметасида тўла акс этмаганлиги юзасидан муаммолари борлиги маълум бўлди.

Тадбир сўнггида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи томонидан Давлат дастури ижроси доимий мониторинг қилиб борилиши ва ислоҳотларни ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бу борада зарур таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши қайд этилди.