Давлат дастурига киритилган бир қатор қурилиш объектларида жиддий камчиликлар аниқланган
Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Р.Т.Маматов маълум қилган.
Айтилишича, сектор ҳудудий ишчи гуруҳи ҳамда ИИБ ходимлари томонидан дастурлар ижроси давомида коррупцион ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви ва бюджет маблағлари талон-торож қилинишига имкон берувчи ҳолатлар тезкор йўллар билан ўрганиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида объектларнинг қурилиш ишларида буюртмачининг техник ҳамда лойиҳачининг муаллифлик назорати қониқарсиз аҳволда эканлиги, натижада объектларда қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган ҳолатлар мавжудлиги ҳам аниқланган.
Айрим объектларда:
- ижро ҳужжатлар юритилмаётганлиги,
- нотекис пардозлаш ишлари бажарилаётганлиги,
- объектларда техник ва муаллифлик назорати ўрнатилмаганлиги,
- электр монтаж ишлари қурилиш меъёрлари талаблари асосида бажарилмаётганлиги,
- ғишт териш ишларида ғишт орасига қўйиладиган
СГ-1 сетка ўрнига сим ўрнатилганлиги,
- девор кесишмаларида ғишт териш ишлари сифатсиз бажарилган, ғиштлар бир бирига (связка) боғлаб терилмаганлиги,
- объектларнинг том қисмидаги ёғочларни ёнғинга қарши ишлов берилмаганлиги каби бир қатор камчиликлар аниқланган.
Мисол учун, бу каби камчиликлар Ургут тумани Мерганча маҳалласининг “Янги Ўзбекистон” массивидаги мактаб қурилишида, Самарқанд тумани Гулобод қўрғони ҳудудидаги Президент таълим муассасалари тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб қурилишида, Нуробод тумани Нурдум маҳалласи “Саройқўрғон” қишлоғидаги 39-мактаб филиали қурилишида кузатилган.
“Юқорида санаб ўтган камчиликларни бошқа объектларда кўплаб учратиш мумкин, бизнинг вазифамиз эса камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этишни тизимли йўлга қўйиш ҳамда доимий сифат назоратини ўрнатиш ҳисобланади”, дейилади Р.Маматовнинг ҳисоботида.