Давлат идоралари фаолиятида очиқликни бузганлик учун жавобгарлик бор

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш демократик давлат қуришнинг асосий шартларидан ҳисобланади. Очиқлик давлат идоралари томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши, ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, идоралар ҳамда мансабдор шахслар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, ҳар кимнинг бу идораларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини таъминлашга қаратилади. Бежиз Президентимиз Ш.Мирзиёев “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деб таъкидламаган эди.
Ўзбекистонни янгилаш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқаролар мурожаатларига ҳурмат билан қараш, мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, инсон қадрини баланд қўйиш кейинги йиллар ўтказаётган ислоҳотларимизнинг асосий моҳиятини ташкил этади. Давлат идоралари фаолиятида очиқлик таъминланар экан, одамлар амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарайди, ислоҳотларнинг бевосита иштирокчисига айланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни жамиятда очиқликни таъминлашдаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Қонун фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланишини ҳуқуқий кафолатлаш билан бир қаторда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг шакл ва услублари, давлат органлари ва жамият ўртасидаги ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини белгилаб берди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат идоралари фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари уларнинг расмий нашрлари, мансабдорларнинг, чиқишлари ва баёнотлари, ахборот хизматларининг хабарлари, расмий веб-сайтлари ва оммавий ахборот воситаларининг материаллари ҳисобланади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентинг 2021 йил 16 июнда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга хизмат қилади. Фармон билан давлат органлари ва ташкилотларига 35 та тоифадаги ахборотларни жойлаштириб бориш вазифаси юклатилди ва очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланди.
Очиқликни таъминлаш ўз навбатида жамиятдаги иллатлар, айниқса, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали ва таъсирчан шакли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам давлат ўз фаолиятида очиқликни таъминлашдан манфаатдор. Шундай экан, ҳеч ким давлат идоралари фаолиятидаги очиқликни таъминлашда тўсқинлик қилиши ёки фуқароларнинг ахборот олишларига монелик қилишига йўл қўйилмайди.
Амалдаги қонунчиликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган бўлса-да, мазкур жавобгарлик айнан қайси ҳуқуқий норма асосида тартибга солиниши белгиланмаган эди. 2022 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2157-моддаси билан тўлдирилиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Шунингдек, мазкур Кодекс 24510-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра, мазкур тоифадаги ишлар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судга юбориш тартиби жорий этилди. Эндиликда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан, Очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат бошқарувида очиқликни таъминлашда жавобгарликнинг кучайтирилиши, давлат ҳокимият ва бошқарув органлари самарадорлигини ошириш, улар фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизнинг халқаро имиджини кўтаришга хизмат қилиши билан бирга, янги жамият қуриш кафолатларини кенгайтиради.
Гулнора Худойбердиева,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.