Давлат ташкилоти ходими: “Муаммони айтганим учун бошлиқ ишдан бўшатмоқчи”

Раҳбар муаммони яширишдан нега манфаатдор?
Яқинда иш юзасидан бир ташкилот фаолиятини ўрганишга тўғри келди. Ҳолатни ўша соҳа масъули билан жойига бориб кўрдик. Муаммо ва камчиликларни ўрганиб, ижтимой тармоқлардаги саҳифаларимизда танқидий мақола тайёрлаб бердик. Эртаси куни нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди.
- Ука, фалончаевман, - салом-аликдан сўнг ўзини таништирди биз фаолиятини ўрганган ташкилот масъули.
- Танидим, ака, нима гап?
- Илтимос, ташкилотимиз фаолиятини ёритган мақолангизни ўчиринг ёки баъзи жойларини ўзгартирайлик.
- Нега, тинчликми ака?
- Ўша кунги муаммоларни айтганим учун бошлиқ мени ишдан бўшатмоқчи. Йиғилишда катталардан “гап” эшитибди. Мени деб ташкилотимиз ва бошлиғимиз обрўсига путур етибди, энди мени сиқувга олишяпти...
Сўз эркинлигига йўл берилаётган даврда бундай гаплар қулоққа ёқимсиз эшитилади. Биринчидан, муаммони айтгани учун ходимни ишдан олиш умуман нотўғри ёндашув, иккинчидан, тизимда муаммони яширишдан манфаатдор раҳбарларнинг борлиги жуда ачинарли.
Айтайлик, жамият учун аҳамиятли бир соҳа муаммога тўлиб ётибди. Бир томон ана шу муаммоларни очиш, ҳал этиш учун ҳаракат қиляпти, лекин иккинчи тараф бу муаммоларни ошкор қилиш ташкилот ва раҳбар обрўсига путур етказишда биринчи тарафни айблаяпти.
Хўш, ким ҳақ?
Кечирасиз, жаноб “тарафкаш”лар муаммони яшириш обрўйингизни оширмайди, аксинча туширади. Сиз бир муаммони яширганингиз билан ҳал қилинмаган муаммолар “мана мен” деб туради ва умумий манзара барибир ошкор бўлади. Ундан кўра, муаммоларни кўрсатиб, таҳлил қилинса, камчиликлар вақтида бартараф этилса яхши эмасми?
Ака, нима бўлганда ҳам сиз тўғри иш қилдингиз. Халқимиз аксарият ташкилотлар фаолиятидан хабардор эмас. Чунки юқоридаги каби лоқайд масъуллар муаммоларни яширишдан манфаатдор. Ахир бу муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Яхшиям сиз каби ҳалол инсонлар, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар фаолияти орқали муаммолар ҳақида халқимиз хабардор бўлмоқда. Акс ҳолда...
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.
P/S: Юқоридаги каби ҳолатлар қатор ташкилотларда учраб туради. Шунинг учун ҳам ташкилот номини келтирмадик. Маълумот сўраб битта ташкилотга 5-6 марта қўнғироқ қилган, қатор ходимларнинг маълумотдан ўзини олиб қочгани ҳам фикримизча, мавжуд ҳолатни рўй-рост баён этиб, бунинг ортидан босимга қолишга истамаслик бўлса керак.