Давлат тилига риоя қилмаган тадбиркорлар катта миқдорда жарима тўлаяпти
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгач, унинг амалдаги ижросини янада кучайтириш мақсадида 2020 йилда ҳокимликлар ҳузурида ҳокимнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси вазифаси жорий этилди. Хўш, мазкур вазифада фаолияти юритаётган тил маслаҳатчилари шу пайтга қадар қандай ишларни амалга оширди?
Самарқанд тумани ҳокимининг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси Манучеҳр Муртозакулов билан суҳбатимиз айни шу мавзуда бўлди.
- Мазкур вазифада иш бошлаганимга бир йил бўлди, - дейди М.Муртозақулов. - Бунгача ҳокимнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозимида Бунёд Ярашев исмли йигит ишлаган ва туманда барча қишлоқ, овул, кўча ва қабристонларни номлаш тугатилган. Шунингдек, у ташқи рекламалар билан ишлаган, яъни давлат тилида бўлмаган ташқи рекламаларни тузатиш, ноқонуний ўрнатилганларини олдириш бўйича чора-тадбирлар олиб борган. Ҳозир ҳам бу ишлар давом этяпти. Масалан, кейинги бир йил давомида туманда 1425 та ўзгартирилиши лозим бўлган ташқи ёзувлар аниқланди. Олиб борилган тушунтириш, тарғибот ишлари натижасида уларнинг 661 таси ўзгартирилди. Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасига 180 та жаримага тортиш бўйича хат берилди, 84 таси my.gov.uz портали орқали ташқи рекламага ариза топширди. 56 нафар тадбиркорга нисбатан жарима қўлланилди.
Тадбиркорларга “Давлат тили ҳақида” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонунлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Ноқонуний равишда ўрнатилган реклама баннерлари, дўкон пешлавҳалари ва турли эълонлар олиб ташланди.
- Бугун туманда давлат тилига амал қилмаган, чет тилида ёзилган ёки қонунга хилоф равишда ўрнатилган реклама ва эълонлар қолмади, деб айта оласизми?
- Биласиз, туманимизда тадбиркорлар кўп. Уларнинг ичида хатосини тушунадиганлари бор. Биз тушунтириш ишларини олиб боргач, улар тезда давлат тилига мос келмаган ёки хато ёзилган реклама ва эълонларини олиб ташлайди. Орадан бирмунча вақт ўтгач, тадбиркор ижарада турган бўлса ва ижарадан чиқиб кетса, ўрнига бошқа тадбиркор келади. Янги келган тадбиркор яна ўз рекламасини чиқариб қўяди. Шунинг учун айрим жойларимизда ҳалиям хато ёзилган, қонун-қоидаларга амал қилинмаган реклама ва эълонлар бор.
- Ҳамон кўчаларда хорижий тилда номланган дўкон, хусусий корхона ва ташкилотларга кўзимиз тушади. Улар қайси ташкилот рухсати билан бундай номларни қўйиб олган?
- Тадбиркорлар фаолиятини бошлаётганда давлат хизматлари марказларидан гувоҳнома очади. Шу пайтгача гувоҳнома очилишида тадбиркор томонидан берилган номлар тасдиқланаётганди. Ҳозирча шу масала ҳам ўрганиляпти, яъни ном бериш масаласи такомиллаштирилади. Масалан, тадбиркор танлаган ном тил маслаҳатчилари тасдиқлаганидан кейин берилсин, деган таклиф бор. Лекин ҳали амалда жорий қилинмаган.
- Тил маслаҳатчилари штати берилганда энди кўчалардаги хорижий ёзувларнинг ҳаммаси ўзбекчалашади, дейилганди. Лекин ҳамон хорижий номдаги дўкон, корхона ва ташкилотлар ўзбекчалашгани йўқ. Уларга тил маслаҳатчилари таъсир ўтказа олмайдими?
- Бизда тадбиркорга нисбатан жарима қўллаш ваколати йўқ. Биз фақат бориб, тадбиркорни огоҳлантирамиз. Тадбиркор корхона номини ўзгартирмаса, биз Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасига хат билан чиқамиз. Улар кўриб чиқади ва суд орқали тадбиркорга нисбатан жарима қўлланилади. Туманимизда юқорида ҳам келтирдик 56 нафар тадбиркорга нисбатан жарима қўлланилди. Жарима қўлланилгач, тадбиркорлар қонунга хилоф равишда ёзилган номларни олиб ташлади.
- Кўчаларга реклама ёзувлари қўйишнинг қандай тартиби бор?
Бу бўйича “Реклама тўғрисида”ги қонунда белгиланган меъёрлар бор. Бир квадрат метрдан ошмаган ҳолатда давлат тилида, лотин алифбосида реклама жойлаштириш мумкин. Бунга ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмайди. Агар реклама 4-5 метрли катта баннерда бўлиб, хорижий тилда ёзилган бўлса, олиб ташланади. Реклама матни давлат тилида, лотин ёзувида бўлиб, пастидан хорижий тилдаги таржимаси умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак. Баъзилар буни тушунмасдан реклама матнининг тагига хорижий тилда бошқа сўзларни ёзиб қўйяпти. Уларга бирдан жарима қўлламаймиз, сабаби, жарималар суммаси катта. Шунинг учун дастлаб тадбиркорларга тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ҳозирги кунда бундай жарималар 20 миллион 600 минг сўм бўлган.
Хуршида Эрназаровасуҳбатлашди.