Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари: Улар фаолиятининг ҳуқуқий таъминлаш даражасини қандай ошириш мумкин?
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш учун саъй-ҳаракатлар давом этяпти. Бунинг учун зарур қонун, фармон, қарор ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Эндиги мақсад - давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигига эришиш, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлашдан иборат.
Хўш, бунга эришиш учун нима қилиш керак?
Табиийки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилашда юридик хизмат муҳим ўрин тутади. Бундан кўринадики, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини ошириш учун юридик хизмат ходимларининг касбий тайёргарлик даражасини ошириш зарур. Шунингдек, улар фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни яхшилаш ҳамда давлат органлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлашнинг юқори сифати учун уларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш керак.
Бунинг учун, биринчидан, давлат ва хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотларида юридик хизмат фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур.
Иккинчидан, юридик хизмат ходимларининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ меъёрлар асосида бўлиши лозим.
Учинчидан, уларни маълум вақт оралиғида аттестациядан ўтказиш ва малакаларини ошириш тартибини қатъий белгилаш керак.
Шунингдек, юридик хизмат фаолиятини амалга ошириш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиниши ҳамда юридик хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилиши учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари раҳбарларининг шахсан жавобгар эканлигини уларга билдириш ва ижросини таъминлашнинг қатъий механизмини ишлаб чиқиш зарур.
Юридик хизмат ходими ташкилотнинг ҳуқуқ ижодкорлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритиш, ташкилот ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва моҳиятини уларга етказишда қатнашишининг ўзиёқ бу иш билан машғул ходимнинг қандай билим ва салоҳиятга эга бўлиши шартлигини кўрсатади. Қолаверса, у ташкилот ва унинг тизимига кирадиган бўлинмалар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлашга кўмаклашиш, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишда қатнашиш, шунингдек судларда ва бошқа идораларда ташкилотнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳимоя қилишга масъул шахс.
Демак, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ҳуқуқий таъминлаш даражасини ошириш учун, аввало, юридик хизмат ходими билим ва салоҳиятли бўлишини таъминлаш, бунинг учун эса унинг масъулиятини янада ошириш талаб этилади.
Элбек Олимов,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси, 3-даражали юрист.