Давлат харидларидаги камчиликлар, мажбурият ва жавобгарлик кимда?
Бу саволга Самарқанд вилояти ғазначилик бошқармасида республиканинг соҳага масъул департамент вакиллари, бошқарманинг туман-шаҳар бўлими ходимлари, тадбиркорлар ҳамда давлат буюртмачилари иштирокида шу турдаги буюртмаларни харид қилиш тартиблари ва мезонларини амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга бағишланган семинарда жавоб изланди.
Йиғилишда Молия вазирлиги ғазначилик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Назаров ва бўлим бошлиғи Акбар Норов давлат буюртмаларини амалга оширишда келгусида бюджет буюртмачилари ва товар (иш, хизмат) етказиб берувчилар ўртасида тузиладиган юридик мажбуриятлар электрон имзо орқали тасдиқланиб, электрон шаклда шартномалар шакллантирилиши бўйича тушунчалар берди.
Ҳозирда харид комиссиялари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш, харид комиссияси аъзоларининг мажбуриятлари ва жавобгарликларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Бюджет бюртмачилари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан иш жараёнида юзага келаётган муаммолар бўйича берилган саволларга атрофлича жавоб берди. Шунингдек, давлат харидларини очиқлигини таъминлаш ва ривожлантириш бўйича таклифлар эшитилди.
Вилоят ғазначилик бошқармаси ахборот хизмати.