Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари: Янгиси эскисидан фарқи борми?

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 14 октябрдаги қарори билан Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди.

Қайд этиш лозимки, шу вақтгача давлат хизматчисининг ишдан ташқари вақтлардаги хулқ-атворини тартибга солувчи, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид талаблар, одоб-ахлоқи қоидаларини назорат қилиш белгиланмаган эди.

Ҳукумат ҳужжати асосида санаб ўтилган барча муносабатларни ҳал этишга ҳуқуқий ечим яратилди. Аҳамиятлиси, одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчиларини ҳимоя қилиш каби принциплар ҳам белгилангани барча жиҳатларни эътибордан четда қолмаганини билдиради.

Одоб-ахлоқ қоидаларидан кўзланган энг биринчи мақсад давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш орқали халқимизни рози қилишдан иборат. Қолаверса, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш кўзда тутиляпти. Қатъий қоидалар орқали давлат хизматчиларини ахлоққа зид хатти-ҳаракатларни содир этишининг олдини олиш ҳам мақсад қилинган.

Савол туғилиши мумкин, аввал ҳам айни шундай қоидалар бор эди-ку, фарқ нимада? Чиндан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги қарори билан "Одоб-ахлоқ қоидалари" тасдиқланган. Сўз юритилаётган ҳужжатда ундан фарқли ўлароқ, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, қоида бузилганда жавобгарликни белгилаш ҳамда давлат хизматчисининг манфаатларини ҳимоя қилиш каби янги механизмлар белгиланди. Зотан, шу пайтгача хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ юзага келадиган таҳдид, ҳақорат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан давлат хизматчиларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари йўқ эди.

Энди давлат хизматчиларини қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш давлат органи раҳбарининг мажбурияти сифатида белгиланди.

Янги тартиб бўйича одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини ташкилотнинг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ёки одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан назорат қилиб борилади.

Бундан ташқари, ҳар бир ташкилотда давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш учун Комиссия тузилади. Комиссия умумий беш нафардан кам бўлмаган ҳолда тажрибали, меҳнат жамоасида обрў-эътиборга сазовор бўлган давлат хизматчиларидан иборат таркибда бўлади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини назорат қилишда махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Ушбу янги "Одоб-ахлоқ қоидалари"да унга риоя этмаганлиги учун давлат хизматчисига нисбатан уч хил жавобгарлик белгиланди.

Биринчиси, ахлоқий таъсир чоралари. Огоҳлантириш, узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш киритилган.

Иккинчиси, интизомий таъсир чоралари. Амалдаги меҳнат қонунчилигида назарда тутилган интизомий таъсир чоралари киритилган.

Учинчиси, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши қонунга мувофиқ бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Қисқаси, давлат хизматчиси фаолияти давомида ҳам ишдан ташқари вақтларда ҳам ўзининг хулқ-атвори, ташқи кўриниши ҳамда сўзлашув одоби билан қолганларга ўрнак ва шахсий намуна бўлиши шарт.

 

Алимардон Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.