Давлат хизматлари агентлиги иш юритишда тўлиқ лотин алифбосига ўтди

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.
Мазкур ҳужжатга асосан, 2023 йилнинг 1 январига қадар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш белгиланган.
Айтиш керакки, бошқарма ҳамда унинг тизимидаги идораларда жорий йил 10 ноябрдан бошлаб, иш юритиш ҳамда бошқа барча жараёнлар тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида амалга оширила бошланди. Шунингдек, ташкилотнинг маъмурий биноларидаги пешлавҳалар, турли кўринишдаги деворий материаллар, фуқаролар учун услубий қўлланмалар ҳам давлат тили қоидаларига мувофиқ, лотин алифбосида тайёрланмоқда.
Ўтган вақтда бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари, электрон ресурслари ҳам босқичма-босқич лотин алифбосига тўлиқ ўтказилди.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати.