Давлат хизматлари агентлигига саволим бор…

- Карантин сабабли никоҳни қайд этиш учун аризани онлайн топширгандим. Энди қачон никоҳ қайд этилади?

- Никоҳланувчилар ФҲДЁ органига никоҳ қайд этилишидан бир ой илгари никоҳга кириш тўғрисида ариза беради. Никоҳ ФҲДЁ органларида ариза қабул қилинганидан сўнг бир ой муддат ўтгач қайд этилади. Қонунчиликка мувофиқ ФҲДЁ органи қуйидаги ҳолларда бир ой ўтгунга қадар никоҳни қайд этиши мумкин. Ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги.

- Шифокорлар тахминига кўра, июнь ойининг 15 санасида фарзандли бўламиз. Фарғона вилоятидан келиб, ҳозирда Самарқанд шаҳрида турибмиз. Бола туғилганидан кейин, суюнчи пулини олиш учун Фарғонага боришимиз шартми?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида Давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш учун фуқаролар экстерриториал тамойили асосида исталга ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига ёки масофадан туриб, www.my.gov.uz сайти орқали онлайн тарзида ариза беришлари мумкин. Ушбу турдаги давлат хизматлари фуқароларга бепул кўрсатилади. 

- Уй-жой шароитимизни яхшилаш учун субсидия олишга карантин шароитида электрон ариза топширган эдик. Мана бир ойдан бери жавоб йўқ. Нима қилишимиз мумкин?

- Ушбу турдаги аризаларни кўриб чиқиб, комиссия хулосасини тақдим этиш муддати 19 иш куни этиб белгиланган.

Давлат хизматлари агентлиги томонидан www.my.gov.uz портали орқали юборилган аризаларни кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш муддати бузилганда, ариза асоссиз равишда рад этилганда ёки бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганда фуқаролар агентликнинг қисқа рақамли 1148 ишонч телефони орқали душанба кунидан жума кунига қадар соат 09:00 дан 18:00 гача мурожаат қилишлари мумкин.

- МЧЖ таъсисчисиман. Карантин вақтида савдо фаолиятида юзага келган қийинчиликлар туфайли жамият таъсис фондини камайтирмоқчиман. ОАВда жамият таъсис фондини камайтириш тўғрисида эълон беришим ва уни ДХМга тақдим этишим шартми?

- “Ўзбекистон Республикаси Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасида жамият ўз устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кун ичида жамиятнинг устав фонди камайтирилгани ва унинг янги миқдори ҳақида жамиятнинг ўзига маълум бўлган барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши, шунингдек, қабул қилинган қарор тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиниши шартлиги белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, Жамият устав фондини камайтириш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган хабарни Давлат хизматлари марказига тақдим этилиши кўрсатилмаган. 

 - Карантин даврида интернет тармоғи орқали савдо қилувчи тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман. Бунда интернет орқали давлат рўйхатидан ўтиш мумкинми? Шунингдек, яна қандай хизматлардан фойдалансам бўлади?

- Интернет тармоғининг Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими яъни, fo.birdarcha.uz сайти орқали тадбиркорлик субъектини онлайн тартибда давлат рўйхатидан ўтказишингиз мумкин. Рўйхатдан ўтиш билан бир вақтда тегишли органларга мурожаат қилмасдан, автоматик равишда қуйидаги хизматлардан фойдаланишингиз мумкин:

* давлат солиқ инспекциясига бормаган ҳолда солиқ тўловчиларнинг идентификацион рақами (СТИР) ни олиш;

*  Тадбиркорлик субъектини ушбу органда ҳисобга қўйиш ва солиқ турини мустақил танлаш;

*  фирма номини автоматик тарзда захирага олиш;

* статистика органига бормаган ҳолда асосий фаолият турини танлаш ва корхона умумдавлат таснифлагичи кодини олиш;

* тижорат банкига бормаган ҳолда банк ҳисоб-рақамини очиш ва давлат божини тўлаш;

*  тизимда мавжуд бўлган намунавий таъсис ҳужжатларидан фойдаланиш.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.