Давлат хизматлари маркази: 11 ойда 100 турдаги 410 минг хизмат
Ўтган вақт давомида марказларда хизматлар сифати ва сони ортиб борди. Ҳозирда ушбу марказлар томонидан 100 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 409 минг 254 давлат хизматлари кўрсатилди, 23 минг 252 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, 57 та чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтди.
Бундан ташқари, марказлар ташкил этилгандан буён аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва соҳада юз бераётган ўзгаришларни етказиш борасида жойларда 5 600 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Ушбу тадбирлар давомида 2400 дан зиёд фуқаро сайёр тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Сайёр тадбирлар давомида Нуробод туманининг Жом қишлоғида, Жомбой туманининг олис ҳудудларида яшовчи 340 га яқин фуқарога паспорт, туғилганлик ва ўлим, қайта никоҳ гувоҳномаси, тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатлари берилди.
Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқди. Қарор асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларининг ҳуқуқий тузилиши, механизми ва функциясини белгилаб берувчи алоҳида маъмурий регламентлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу марказлар фаолияти ва бошқа идоралар билан ҳужжат алмашинувини мувофиқлаштирмоқда. Бу тизим Россия, Корея, Озарбайжон, Грузия давлатларида синовдан ўтиб, самарали ишлаб келмоқда. Шу боис халқаро тажрибада қўлланилган ва бизга ҳам мос келувчи жиҳатларни соҳа фаолиятига жалб қилдик. Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишда вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ва бошқа турдаги қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли идора ходимларига нисбатан 200 дан ортиқ маъмурий чоралар қўлланилди.
Мақсуд ҚУРБОНОВ,
давлат хизматлари агентлиги вилоят
бошқармаси бошлиғи.