Давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжат одил судлов сари яна бир қадам бўлди
Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.
Ўтган йиллар давомида судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 2020 йил 24 июль куни “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича олиб борилган ишларимизни юқори босқичларга етказиш, шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни назарда тутади.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилиши халқаро стандартларга асосланган бўлиб, суд тизими бошқаруви самарадорлигини ошишига хизмат қилади.
Президент Фармонидаги суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиниши айни муддо бўлди.
Бундай ташқари, фармон билан туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса, Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши белгиланди.
Впелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилиши, Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилиши каби ўзгаришларнинг киритилди.
Шу билан билан бирга, фармонда прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этиши истисно этилганлиги одил судловга эришиш йўлидаги яна бир қадам бўлди.
Умуман, фармон халқимиз осойишталигига эришиш йўлидаги қилинаётган суд-ҳуқуқ соҳасида ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга, суд тизимини амалдаги тузилишини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини беради.
Навбаҳор ТУРСУНОВА,
Иштихон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.