Депутат бонг уради! Каттақўрғон туманида боғчалар қачон ўнгланади?
Маълумки, кейинги пайтларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, эртанги кунимиз давомчилари бўлган ёш авлодни жаҳон талаблари даражасидаги шарт-шароитларда тарбиялаш масаласига шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзи катта эътибор қаратмоқда. Бу борада давлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш баробарида хусусий сектордаги таълим муассасалари такомилига ҳам кенг йўл очилмоқда. Шундай имкониятлар яратилаётган бир пайтда тумандаги айрим мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол киши таъбини хира қилади.
Яқинда ЎзЛиДеП аъзолари билан Каттақўрғон туманидаги мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол билан танишиш, жажжи болажонларга ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар таълим муассасаларида қай даражада ижро қилинаётгани билан қизиқиб тумандаги “Яккабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 27-сон мактабгача таълим муассасасида бўлдик. Муассаса ҳовлисига кириб борар эканмиз, бу даргоҳ анчадан буён соҳа мутасаддиларини эътиборидан четда қолиб келаётганлигига гувоҳ бўлдик. Жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган ҳовли сатҳини бегона ўтлар босиб кетган. Рангин ҳолатга келиб қолган деворлар оқланмаганига анча бўлган кўринади. Муассаса атрофини ўраб турган деворлар сувоқлари кўчиб, ғарибона кўринишга келиб қолган. Ҳовли манзарасининг ўзиёқ киши кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.
Рўйхат бўйича тарбияланаётган 135 нафар болаларга 18 нафар тарбиячилар илк таълим-тарбия жараёнларини олиб боришмоқда. Болажонлар жойлаштирилган хоналардаги аҳвол ҳам кўнгилдагидек эмас. Тарбияланувчиларнинг ётоқхонаси ҳам машғулот ўтиш ҳам овқатланиш учун мослаб қўйилган. Болалар ётиб ухлайдиган каравотчаларнинг аксарияти таъмирга мухтож. Устига солиб қўйилган чойшаблар жуда ҳам эскириб кетганидан яроқсиз аҳволга келиб қолган. Боғча ходимларининг таъкидлашича охирги марта 2015 йилда келтирилган чойшаблардан фойдаланиб келинаётган экан. Қишлоқ болалари тарбияланаётган муассасадаги аҳвол нега бу даражада ночорлашиб қолди? Мамлакатимизда соҳага катта эътибор қаратилаётган бир пайтда яккабоғлик болажонлар тақдирига нега бефарқ қаралмоқда?
Кузатувларимиз асносида яна шу нарсага амин бўлдикки, тарбиявий жараёнларда санитар-гигиеник аҳвол ҳам эътибордан четда қолган. Тарбияланувчиларнинг кийим-бошлари кир ҳолатда. Масалага чуқурроқ ёндошиб, тарбиячиларнинг тиббий кўрикдан ўтган ё ўтмагани билан қизиққанимизда “тиббиёт дафтарчаларимиз мудирада” деган жумбоқли жавоб олдик. Ваҳоланки, боғча мудираси бир ҳафтадан буён ишга келмаётган экан! Ана холос! Раҳбар ишга қўнимсиз бўлганидан кейин ходимлардан нима умид қилиш мумкин. Бу борада туман мактабгача таълим бўлими раҳбарияти билан гаплашганимизда ушбу боғча мудираси ишдан кетганини, ўрнига янги мудира тайинлангани билан вазиятни хаспўшлашга уринди.
Боғча ошхонасидаги шарт-шароитлар билан танишар эканмиз, бу ердаги ҳолат санитария қоидалари ва гигиена талаблари (СанПин)га мутлақо жавоб бермаслигига гувоҳ бўлдик. Тоза ичимлик суви таъминотининг йўқлиги эса вазиятни янада мураккаблаштиради. Ҳолатга изоҳ сўраб суҳбатлашайлик, десангиз, бутун бошли боғчада бирорта масъул мутасаддини учратиб бўлмади. Келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш масаласида ҳам имкониятлардан келиб чиқилмоқда. Энг ёмони, болажонлар гигиеник талабларга мутлақо жавоб бермайдиган ҳожатхонадан фойдаланишмоқда. Спорт майдончалари, тарбияланувчиларни ёзги мавсумда ташқарида машғулот олиб бориш жойлари ҳақидаку гапирмасак ҳам бўлади.
Энди ўзингиз бир мулоҳаза қилиб кўринг. Йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган таълимнинг илк босқичи – мактабгача таълим муассасаларида муаммолар керагидан кўп йиғилиб қолгани сабабли тизимда катта ислоҳотлар бошланди. Бугун жойларда олиб борилаётган ишларни кўриб дилингиз яйрайди. Нега энди туманимиздаги аксарият қишлоқ боғчаларидаги аҳвол ўнгланмаяпти? Масъул раҳбарлар нима билан банд? Ислоҳотларга лоқайдлик қилган мутасаддиларга қатъий чоралар кўриш вақти аллақачон келмадими? Қачонгача ўз ҳаётимизга, келажагимизга юзакилик билан қараймиз?!
Рўзимурод ЖЎРАЕВ,
Каттақўрғон тумани Кенгаши депутати.