Депутат мактаб битирувчилари, ота-оналар билан учрашди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошевнинг Нурободдаги чекка қишлоқ - Ағронда жойлашган 55-умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари ва уларнинг ота-оналари билан учрашуви самимий мулоқотга айланди.
Меҳмон она тили ва адабиёт фанларидан давлат имтиҳони топшираётган йигит-қизларга билим олишга иштиёқ ва интилишнинг ўз ҳаётида берган самараси ҳақида сўзлаб берди. Битирувчиларга жамиятда ўз ўринларини топиши, етук мутахассис сифатида камолга етишида омад тилади. Мулоқот давомида фаол ўқувчиларга, мактаб кутубхонасига китобларидан ҳадя қилди.
Ота-оналар, қишлоқ фаоллари билан мулоқотда эса адиб ва журналист давлат сиёсатининг бугунги моҳияти хусусида сўз юритди. Маҳаллага, ҳар бир оилага кўрсатилаётган эътибор, чекка қишлоқларда ҳам амалга оширилаётган лойиҳалар, дастурлар аҳамиятини тушунтирди, тўпланганлар саволларига жавоб қайтарди.
Фахрий ўқитувчилар Толмас Суюнов, Меҳриддин Одилов, мактаб директори Тўхтамурод Қорабоев, ўқитувчи Эшқувват Эшнаев мустақиллик йиллари маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, мактабнинг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб берди.
- Вилоятнинг энг чекка ҳудудида яшаётганимиз учунми, раҳбарларнинг қишлоғимизга келиши камдан-кам кузатилади, - дейди фахрий ўқитувчи Ҳақназар Элмирзаев. – Бугун депутат, адиб, вилоятнинг бош газетаси муҳаррирининг қишлоғимиз мактабига келиб, ёшлар, ота-оналар, фаоллар билан учрашув ўтказгани кўнглимизни кўтарди. Қолаверса, ўқимишлилик, мутолаа ва илм эгаллашнинг аҳамияти, қадр-қиммати, жамият тараққиётида оиланинг ўрни хусусида фактлар, мисоллар асосида айтган гаплари нафақат ёшлар, балки биз, кексаларда ҳам катта таассурот уйғотди.
Эскиларимиз “Илмлига эргашсанг, кам бўлмайсан”, дейишарди. Депутатнинг гапларини тинглаб, илм-маърифатнинг инсон ҳаётидаги ўрни, китоб ўқишнинг фикрлашни кенгайтириши, мустақил ва тўғри қарор қабул қилишга ўргатишига яна бир бор амин бўлдик.