Депутат сўрови сайловчилар фикрини ифодалайди, масъуллар унга эътибор билан қараши лозим

Хабар берганимиздек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, еттинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Дастлаб депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи О.Ҳамроевнинг ҳисоботини тингладилар.

Қайд этилишича, мазкур қарор билан О.Ҳамроев раҳбарлик қилаётган комплексга вилоят учун муҳим аҳамиятга эга 18 та топшириқ берилган бўлиб, шу пайтгача уларнинг 6 таси бажарилган. 12 та топшириқ бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, қарорга кўра, жорий йилда 1,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритиш ва кредитлар жалб қилиш орқали 129 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 850 миллион долларлик маҳсулотни экспортга чиқариш белгиланган. Лойиҳаларнинг чораклар кесимида тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, лойиҳа ташаббускорлари, тижорат банклар ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланди. Бугунги кунда ушбу лойиҳаларнинг кунлик тармоқ жадваллари ҳам ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бир қаторда, вилоятда инвестиция лойиҳалари билан манзилли ишлаш бўйича таркиби 21 кишидан иборат ҳудудий штаб тузилган. Йилнинг дастлабки ойида 33 та лойиҳа бўйича 101 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Белгиланган экспорт режасини бажариш учун 100 та янги корхона жалб этилади, анъанавий бозорлар ўрнига Европанинг юқори қийматли Германия, Франция, Италия, Буюк Британия каби давлатларга экспорт ҳажмлари оширилади.

Шундан сўнг, вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йилдаги ижроси бўйича вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Мирзаев ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, ўтган йил вилоят маҳаллий бюджетининг умумий даромадлар прогноз режаси 5 триллион 278,7 миллиард сўмга (103 фоиз) бажарилган. Харажатлар эса 102,6 фоизга ижро этилиб, 7 триллион 769,3 миллиард сўмни ташкил этган. Хусусан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш харажатлари учун 4 триллион 977,5 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган.

Кун тартибига кўра, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи С.Жабборовнинг бошқарманинг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.

– 2024 йил давомида МИБ вилоят бошқармаси органлари томонидан жами 1 миллион 217 мингта (11,5 триллион сўмлик) ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро тадбирлари олиб борилиб, 8,5 триллион сўмлик 785 минг 575 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилинди, – деди С.Жабборов. – Жумладан, 524 минг 65 та ҳужжат бўйича амалда 2,9 триллион сўм ёки 2023 йилга нисбатан сон жиҳатдан 326 минг 651 та ва сумма жиҳатдан 3,3 триллион сўмлик кўп ҳужжатлар тамомланиб, амалда 494 миллиард сўмга кўп маблағ ундирилиши таъминланди. Бошқарма тизимидаги 235 нафар давлат ижрочисининг ҳар бири бир ойда ўртача 279 тадан ҳужжатни кўриб, тамомлаган. Ваҳоланки, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда битта давлат (суд) ижрочиси бир ойда ўртача 18,9 та ижро ҳужжатларини ижро қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Ҳисоботда, шунингдек, солиқ, алимент, кредит ва коммунал хизматлардан қарздорликларни ундириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилиб, юзага келаётган муаммолар қайд этилди ва уларни бартараф этиш юзасидан депутатлар томонидан таклиф, тавсиялар билдирилди.

Депутатлар давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Паст Дарғом тумани Чимбойобод маҳалласи ҳудудидан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси” ДУКга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган 234,3 гектар ер майдонида “Пастдарғом” махсус саноат зонаси ташкил этилганлигини маълумот учун қабул қилиб, махсус саноат зонасининг бош режасини тасдиқладилар.

Сессия кун тартибига мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи, депутат Ш.Йўлдошев сўзга чиқди.

– Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш юзасидан амалдаги қонунларимизга киритилган сўнгги ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ваколати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди, – деди Ш.Йўлдошев. – Бўшаб қолган ўринларга ҳам фуқаролар йиғинлари раислари 5 йил муддатга сайланади. Илгари фуқаролар йиғини раиси сайловни ташкил этиш ва ўтказиш Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланадиган республика комиссия томонидан амалга оширилган бўлса, эндиликда бу ваколат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилади. Яъни, фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан белгиланади.

Янги тартибдан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши Самарқанд вилоятидаги фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайловини 2025 йилнинг май-июль ойларида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарор билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси, шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси бошчилигидаги 25 кишидан иборат фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Самарқанд вилояти комиссияси таркиби тасдиқланди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида эксперт гуруҳи ташкил қилиш, халқ депутатлари вилоят Кенгаш депутати томонидан депутат сўровини юбориш тартибини тасдиқлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг ҳисобот (ахборот)ларини эшитишнинг тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги ва Кенгаш фаолияти билан боғлиқ бир қатор масалалар кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

– Кейинги пайтда вилоятдаги айрим раҳбарлар фаолиятида Кенгаш, депутат сўрови билан боғлиқ масалаларда эътиборсизликка йўл қўйилаётгани, сўровга юзаки қаралаётгани кузатилмоқда, – деди вилоят Кенгаши раиси Ш.Негматов. – Ваҳоланки, бундай ҳолатлар учун қонунларимизда жавобгарлик чоралари белгиланган. Ўша даражага бормаслик учун раҳбарлардан ҳар бир сўровга белгиланган тартиб доирасида ва ўз вақтида жавоб беришларини сўрайман. Депутат ўзи учун эмас, уни сайлаган сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг таклиф ва мурожаатлари асосида сўров юбораётганини унутманг.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 14 январдаги “Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал етишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва сенаторларнинг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш, вилоятда “Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, хизмат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган драйвер лойиҳалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар муҳокама этилиб, қарорлар қабул қилинди.