“Динамо” бразилиялик футболчи билан 1,5 йиллик шартнома имзолади
“Динамо” Суперлиганинг иккинчи давраси олдидан ёзги трансфер ойнасида ўз таркибини кучайтиришга эътибор қаратди ва жамоага янги футболчилар жалб қилинди.
Клуб бразилиялик Майкон Дуглас билан 2025 йилнинг охирига қадар 1,5 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилди. 23 ёшли таянч яримҳимоячи Самарқанд жамоасига эркин агент сифатида қўшилган.
Майкон ҳозиргача Бразилиянинг «Магуари» клубида фаолият юритаётган эди. Йил бошида Ратиньо ҳам “Динамо” сафига ушбу клубдан келиб қўшилганди. Дуглас шунингдек, Бразилиянинг «Калденсе», «Витория», «Ботафого» ва Япониянинг «Осака ФК» клуби шарафини ҳимоя қилган.
Бундан ташқари, жамоа 5 нафар маҳаллий футболчи Азизбек Аҳмедов, Дилёржон Бахтиёров, Ғолибжон Одилов, Саидакбар Неъматов, Диёрбек Сагдуллаев билан шартнома имзолаб, уларни ҳам лига рўйхатидан ўтказди.
Эслатиб ўтамиз: Суперлиганинг 14-тур баҳслари 2 августдан старт олади ва “Динамо” бу турда Наманганнинг “Навбаҳор” кулубига қарши баҳс олиб боради.