“Динамо” кейинги ўйинларга қандай тайёргарлик кўрди?

Жамоани олти нафар футболчи тарк этди, уларнинг ўрнига янги футболчилар олиб келинган

Пролиганинг биринчи давра баҳсларини иккинчи ўринда якунлаган "Динамо" жамоаси иккинчи давра олдидан пойтахтда бир ҳафталик, Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғинида иштирок этди.

Йиғин доирасида ўтказилган машғулотлар ва ўртоқлик учрашувларида футболчиларнинг жисмоний ҳолати синовдан ўтказилди, шунингдек, жамоани олти нафар футболчи тарк этди, таркибни кучайтириш мақсадида уларнинг ўрнига янги футболчилар олиб келинди.
“Динамо” ПФК ахборот хизмати маълумотларига кўра, жамоа Қирғизистондаги асосий тайёргарлик доирасида тўртта ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, барчасида ғалаба қозонди. Шунингдек, жамоада тўп сурган Евгений Назаров, Комил Шарофитдинов, Жасур Қурбонов, Элгужа Григалашвили, Акмал Козимов, Баҳодир Абдувалиев лига рўйхатидан чиқарилди. Уларнинг ўрнига жамоага сербиялик марказий ҳимоячи Душан Мийич, маҳаллий клублардан Абубакир Муйдинов, Шодиёр Олимжонов, Улуғбек Абдуллаев, Мурод Тошматов, Мирғиёс Сулаймонов каби футболчилар жалб қилинди. Улар билан мавсум якунигача шартнома имзоланди.

“Динамо” жамоасининг янги аъзоси, 23 ёшли ярим ҳимоячи Абубакир Муйдинов Самарқанд клуби билан шартнома имзолагач, фикрлари билан ўртоқлашди:
- “Динамо”га ўтганимдан хурсандман. Самарқанд клубига Вадим Карленович таклиф қилди. Жамоа сафига Иссиқкўлдаги йиғин олдидан қўшилдим, кўриб турибман таркиб анча кучли ва бу ерда тажрибали ўйинчилар йиғилган. Қирғизистондаги тайёргарлик яхши ўтди, эндиги мақсад Суперлигага чиқиш учун курашиш.
Ўзи айнан Суперлигага чиқиш масадида “Динамо”га ўтдим. Бор кучимни сарфлашга тайёрман. Янги жамоамда мослашиш жараёнидаман, таркибдаги аксарият ўйинчиларни билганим учун бу осон кечяпти. Вадим Абрамовни ҳам ўз тактикаси ва қарашига эга бўлган мураббий деб биламан. Самарқандлик мухлисларни хурсанд қилиш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.

Эртага “Динамо” чорак финал йўлланмаси учун “Пахтакор”га қарши ўйнайди
1 августдан Ўзбекистон кубоги 1/8 финал ўйинлари ва Пролиганинг иккинчи давра баҳслари старт олади. Эртага “Динамо” Ўзбекистон кубоги доирасида Самарқандда “Пахтакор” клубини қабул қилади.
Ўзбекистон чемпионати тарихида “Динамо” ва “Пахтакор” жамоалари ўзаро 50 марта учрашган. Баҳсларнинг 39 тасида “Пахтакор”, 6 тасида эса “Динамо” ғалаба қозонган, 5 ўйин дуранг билан якунланган. “Динамо” ва “Пахтакор” ўртасидаги сўнгги ўйин 1 йил аввал – 2022 йилнинг 1 август куни ўтказилиб, Тошкентдаги ўйинда мезбонлар 3:2 ҳисобида устун келганди.
Самарқанд ва Тошкент клублари бу сафар Ўзбекистон кубоги 1/8 финали доирасида кўҳна кентда тўқнаш келади. Ғолиб жамоа чорак финалга йўлланма олади.

Фазлиддин Рўзибоев.