Адиз Бобоев: “Динамо” чемпион бўлса, Самарқандда янги стадион қурилишини бошлаймиз

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Суперлиганинг жорий йилги мавсуми олдидан “Динамо” жамоаси таркиби ва мураббийлар штаби таништирилди. 

Жамоанинг мавсумолди тақдимоти ва таништирув маросимида вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциация президенти Адиз Бобоев, клуб ҳомийлари, мутасадди раҳбарлар, жамоа мухлислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Тадбир аввалида вилоят раҳбари “Динамо” жамоасининг ўтган мавсумдаги ёрқин ўйинларини эътироф этди. Футболчиларни янги мавсум билан табриклаб, "Динамо" юқори натижаларга эришиши учун доим қўллаб-қувватлашини билдирди.

- Янги мавсум ғалабаларга бой бўлиши ва Суперлига ва Ўзбекистон кубоги баҳсларида совринли ўринларни эгаллаш клуб раҳбарияти ва футболчилар олдидаги асосий вазифа, - деди А.Бобоев. - Бунинг учун жамоага барча шароитларни яратиб берамиз, доим қўллаб-қувватлаймиз. Агар бу мавсум “Динамо” чемпион бўлса, Самарқандда янги стадион қурилишини ҳам бошлаймиз.

Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоанинг янги таркиби, мураббийлар штаби оммага таништирилди ва футболчиларга либослари тарқатилди. Шунингдек, вилоят раҳбари Адиз Бобоевга 72-рақам топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Суперлиганинг 1-тури доирасида “Динамо” жамоаси ўз уйида Наманганнинг "Навбаҳор" клубига қарши тўп суради.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.