“Диёр” ўйингоҳи ва яна бир нечта объектларни таъмирлаш режалаштирилган

Кеча, 27 февраль куни сайтимизда «Булунғурдаги «Диёр» ўйингоҳи 10 йилдан бери таъмирланмаяпти. Нега?" сарлавҳали танқидий мақола эълон қилган эдик. Ҳолат юзасидан Булунғур тумани ҳокимлиги муносабат берди.
"Булунғур маҳалласида жойлашган “Диёр” ўйингоҳининг бугунги ҳолатидан туман ҳокимлигининг, масъул ташкилотларнинг хабари бор ва мазкур ҳудудда спортчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, 2023 йил сўнггида туманда қиймати 3 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида янги бино, мини-стадион ва бадминтон майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бинода 18х30 метр ўлчамдаги спорт зал, кийим алмаштириш, ювиниш хоналари, раҳбар ва техник ходимлар учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, бино атрофида воркоут майдончаси, катта ва кичик спорт майдонлари, сузиш ҳавзаси жойлашган.
Бироқ ишлар шу билан якунига етгани йўқ ва ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар бор. Бу борада ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, “Булунғур туманида юқори иқтисодий ўсишга туртки берувчи ижтимоий ва инфратузилма лойиҳалари учун 2025 йилда давлат бюджетида назарда тутилган маблағларни сарфланиши бўйича манзилли дастур” ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳудудда жойлашган "Ҳумо" ёшлар сайилгоҳини кенгайтириш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш ҳамда мазкур сайлгоҳга туташ бўлган болалар-ўсмирлар спорт мактабида қулайликлар кўламини ошириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш учун жами 10 миллиард 840 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Мазкур лойиҳа доирасида 1 та трансформатор ўрнатиш, 2 километр пиёдалар йўлаги қуриш, 600 метр лотоклар, 100 дона ўриндиқлар, 80 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, 1 дона артезиан қудуғи қазиш, 2 километр тармоқ тортиш, спорт залини реконструкция қилиш, югуриш йўлагини таъмирлаш, томошабинлар ўтиришига мўлжалланган ўриндиқларнинг орқа томонидан оқиб ўтган каналнинг 820 метр қисмини бетонлаштириш каби ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2026 йилда спорт мактаби балансидаги “Диёр” футбол ўйингоҳи трибунаси ҳамда "Қўнғирот" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган спорт мажмуасини мукаммал таъмирлаш ишлари учун “2026-2027 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури”га таклиф берилган бўлиб, лойиҳа амалга оширилиши учун 2 миллиард 577 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган», дейилади ҳокимлик муносабатида.