Донорлик ҳақида афсона ва ҳақиқатлар
Сиз донорлик ҳаракати ҳақида кўп нарса биласизми? Бу борадаги кўча-куйда эшитган, қулоғингизга чалинган турли гап-сўзларга ишонасизми? Кўпчилик донор ва донорлик ҳақида кам билганликлари сабабли асосланмаган миш-миш ва афсоналарга ишониб, нотўғри хулоса чиқаришади.
Афсона: “Қон ва унинг қисмларини топшириш вақтида сариқ касаллиги (гепатит В,С) ВИЧ (одам иммунтанқислиги вируси) билан зарарланади”.
Хақиқат: Қон топшириш донор учун хавфсиз бўлиб, ҳар бир донор учун алоҳида бир марталик, стерил қон олиш учун системалардан фойдаланилади.
Афсона: “Донорлик - бу оғриқли жараён”.
Ҳақиқат: Донорлик - бу жуда оддий муолажа. Минглаб донорлар 40 ва ундан кўп марталаб қон топширишади. Ўзлари учун билак соҳаси ички юзасида жгут-тиббиёт воситаси сиқиб тургани ва укол игнасини жойини ҳис қилиб туриши керак.
Афсона: “Донорлик - узоқ жараён қон марказлари доим одамларнинг иш ёки ўқиш билан банд бўлган вақтларида ишлайди”.
Ҳақиқат: Қон топшириш 15 дақиқадан кўп вақт олмайди, қоннинг қисмларини (плазма, тромбоцит) топшириш 30 минутдан ошиб, 1,5 соатга етмайди. Барча кўнгиллилар қон топширишларига имкон бериш учун ҳар йили олий ўқув юртлари, корхона-ташкилотларда “Донорлик кунлари” ўтказилиб келинади.
Афсона: “Менинг қон гуруҳим кенг тарқалган, менинг қоним кераксиз”.
Ҳақиқат: Айнан шундай қон ҳар доим керакли. Барча гуруҳдаги қонлар кенг тарқалганми, йўқми, унга ҳамиша муҳтожлик бўлади.
Афсона: “Қон топширгандан кейин бемалол дам олиш учун уни фақат жума-шанба кунлари топшириш керак”.
Ҳақиқат: Ҳар қандай иш кунида қон топшириш мумкин. Қон топширгандан кейин узоқ вақт дам олиш талаб қилинмайди. Қон топширгандан кейин 10-15 минут ўтириш керак, кун давомида оғир жисмоний ҳаракатлар қилинмайди, овқатланиш бўйича оддий тавсиялар (кўп суюқлик ичиш, енгил ҳазм бўладиган овқатлар қабул қилиш) бажарилади.
Афсона: “Донорлик зарарли, доимий қон топшириб турилса, инсон танасида қон кўп ишлаб чиқарилиб, одам қон топширишга ўрганиб қолади”.
Ҳақиқат: Соғлом одамга қон топшириш зарарли эмас. Мунтазам қон топшириш кўникиб қолишга олиб келмайди. Кузатишлар қон топшириш билан боғлиқ хеч қандай ўзгаришлар донорлар соғлиғида кузатилмаган. Доимий қон топшириш организмни кўп қон ишлаб чиқаришга мажбурламайди, балки қонни тезроқ қайта тиклашга ўргатади.
Афсона: “Мен фақат фавқулодда ҳолатларда - теракт, авто ва авиаҳалокатлар, шунга ўхшаш ҳолатлар юз берганда қон топширишга тайёрман. Бу одатдаги тартибда қон топширишдан муҳимроқ бўлиб, кўпроқ инсонлар ҳаёти сақлаб қолинади”.
Ҳақиқат: Бемор учун ҳар бир йўқотилган дақиқа - фавқулодда ҳолат. Ҳар қандай дақиқада, ҳар қандай жойда жароҳатланган одам учун қон йўқотиш билан бахтсиз ҳодиса юз бериши мумкин. Қон ва унинг қисмларини топшириш бир қанча вақт олади, қон эса дарҳол керак бўлади. Донорликнинг мунтазам бўлиши фавқулодда бўлмаган ва фавқулодда ҳолатларда жароҳатланганлар учун ҳам доимий қон ва унинг қисмларининг захирасини таъминлаш учун зарур. Беморлар ва жароҳатланганлар учун қон бутун йил бўйи керак бўлади. Шунинг учун хавфсиз донор қони ва унинг қисмларини доимий ва етарли миқдорда таъминлашга рухсат беради.
Афсона: “Бунинг менга аҳамияти йўқ”.
Хақиқат: Ҳар қандай инсонга қайсидир лаҳзада донорлик қони керак бўлади. Статистикага кўра, ҳар учта инсондан биттаси ҳаёти давомида қон қуйишга эҳтиёж сезади. Бугун сиз ҳам донор бўлинг ва ёрдам беринг!
Махтума ЭГАМОВА,
Самарқанд вилояти қон қуйиш маркази врачи.