Дори-дармонлар олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби ҳақида хабардормисиз?

Гап божхона чегараси орқали дори-дармон маҳсулотларини олиб ўтиш тартиби, бунда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида бормоқда.

Амалдаги қонунчиликка асосан, жисмоний шахслар олиб кираётган дори воситаларини декларациялаш оғзаки тартибда бўлади.

Дори воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Жисмоний шахслар бирор ҳужжат тақдим этмаган ҳолда шахсий фойдаланиш учун қуйидаги миқдордаги дориларни олиб кириши ёки олиб чиқиши мумкин:

- турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари;

- 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмлар.

Бунда бир ўрамда:

- қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун – 100 бирликдан ортиқ бўлмаган;

- эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган кукунлар учун – 500 граммдан ортиқ бўлмаган;

- гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун – 50 граммдан ортиқ эмас;

- инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланиладиган эритмалар учун – 500 миллилитрдан ортиқ бўлмаган;

- инъекциялар учун эритмалар – 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;

- ташқи дорилар, яъни суртма геллар, мазлар – 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ бўлмаган меъёр белгиланган.

Масалан, парацетамол учун 5 ўрам, аспирин учун 5 ўрам ва ҳоказо. Кетонал мазини оладиган бўлсак, ундан 5 та тубик ва ҳар бир тубики 200 граммдан ошмаслиги талаб этилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак. Яъни, улар банкада ёки пакет ўрамларда олиб ўтиш ҳолатлари бўлмаслиги лозим. Бундай ҳолатда фуқаро божхона органи ходими томонидан тўхтатилиб, экспертиза тайинланишига сабаб бўлади. Натижада ортиқча вақт йўқотади.

Алоҳида таъкидлаш ўринли, белгиланган меъёрдан ошмаган дори-дармонлари бор фуқаро бемалол оғзаки декларациялаш тартибида "Яшил йўлак"дан ўтиши мумкин.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.