ДТМ абитуриентлардан ортиқча тўлов ундирилиши бўйича изоҳ берди
Абитуриентлардан 2019-2020 ўқув йили қабулида қарийб 900 миллион сўм ортиқча тўлов ундирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Давлат тест маркази ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 2019-2020 ўқув йили қабулида тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар томонидан ҳужжатларни топшириш жараёнида тўловлар амалга оширилган. Бунинг натижасида 896,4 миллион сўм ортиқча тўлов амалга оширилган.
Ўтган давр мобайнида абитуриентларнинг аризасига асосан ортиқча тўланган 156,3 миллион сўм маблағ эгаларига қайтарилган. 2021 йилнинг 25 март ҳолатига ортиқча тўланган маблағ миқдори 740,1 миллион сўмни ташкил этади.
Қолган абитуриентлар тўловни қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилмаганликлари сабабли, Давлат тест марказида уларнинг тўловларини қайтариш имконияти бўлмаяпти.
Шундай бўлса-да, уларнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, нотўғри тўлов амалга оширган 3 170 нафар абитуриентнинг маълумотлари 2020 йил учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар базасидан аниқланиб, уларнинг телефон рақамларига СМС хабарномалар юборилган. Қолган 4 132 нафар абитуриентнинг маълумотларига аниқлик киритиб бўлмаяпти.
Давлат тест маркази абитуриентлар томонидан нотўғри амалга оширилган тўловларнинг абитуриентларга тўлиқ ҳолда қайтарилиши тарафдори бўлиб, мазкур абитуриентлар Давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилганда, уларнинг тўловлари қайтарилишини маълум қилади.