Дунёдаги одамлар энг кўп умр кўрадиган жойлар
Абадий ёшлик ғояси кўп минг йиллар давомида одамларнинг онгини ҳаяжонлантириб келаётгани бор гап. Бироқ, унинг сири ҳали номаълум. Ҳозирча the-challenger.ru сайтидаги ҳамкасбларимиз сайёрамиздаги одамлар энг узоқ яшайдиган бир неча жойни аниқлашди.
Икария, Греция
Икарияда одамлар деменция (илгари олинган билим ва амалий кўникмаларни йўқотиш)дан деярли азият чекмайди. Аҳоли Ўрта ер денгизи парҳезига риоя қилишади: улар мева ва сабзавот, ловия, зайтун мойини истеъмол қилади, райҳон ва кўплаб фойдали ўтлардан қилингай чой ичади. Қизиқ томони, уларнинг рационида кўкатларнинг 120 га яқин тури мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятини бошқа мамлакатлар аҳолиси деярли билишмайди ва ҳатто татиб ҳам кўрмаган. Икарияда салатлар ва пироглар ҳам ҳар хил кўкатлардан тайёрланади. Ёзувчи ва The Blue Zones (Яшил минтақалар) китоби муаллифи Ден Бютннер томонидан олиб борилган тадқиқотлар кунига мунтазам ярим стакан кўкат истеъмоли умр кўриш давомийлигини тўрт йилга оширишини кўрсатди.
Сардиния, Италия
У ерда асосан чўпонлар бошқаларга қараганда узоқ умр кўришади, негаки улар ҳар куни жисмонан фаолдир. Уларнинг рационида дуккакли экинлар, йирик тортилган ундан қилинган нон ва таркибида бошқа шаробларга қараганда кўпроқ флавоноидлари мавжуд шаробларнинг ўзига хос тури - каннонаудан иборатдир.
Никоя, Коста-Рика
Никоя ярим оролининг баъзи аҳолиси 90 йилдан ортиқ умр кўради. Никояликлар ҳар куни маккажўхори унидан қилинган нон, қора ловия, қовоқ, ва йил бўйи мавжуд тропик меваларни истеъмол қилишади. Бу мураккаб углеводлар арзон ва аминокислоталарга бой фойдали озиқ-овқат. Бундай озиқланиш бошқа мамлакатларда экологик муаммо деб қараладиган тупроқнинг емирилиши ёки ҳайвонларни сўйилишига олиб келмайди.
Лома-Линда, Калифорния
Лома-Линдадаги Американинг энг узоқ умр кўрадиган асосий аҳолиси – уруғ берадиган барча ўсимликлар ва мева берадиган барча дарахтларни истеъмол қилади. Уларнинг парҳези одатда вегетариан ҳисобланади. Асосийси, соғлик, демак сигарет ва спиртли ичимликларга йўл йўқ! У ерда фикрлаш ва ҳиссий дам олиш вақти - ҳафтанинг шанба куни - мажбурий дам олиш куни ҳисобланади.
Окинава ороллари, Япония
Бу оролларнинг энг кўп умр кўрувчилари асосан аёллардир. Улар ўсимликка асосланган парҳезга риоя қилишади ва мунтазам равишда тофу (оқсилга бой соя таомлари), хитой аччиқ қовоғи ва занжабил истеъмол қилади. Япон маданиятида ҳаёт сифатини яхшилайдиган бошқа муҳим нарсалар ҳам бор: масалан, икигай – бу ўз ҳаётидаги мақсадларни белгилайдиган “умумий мақсад учун учрашув” деган маънони англатади. Ижтимоий, молиявий, тиббий ёки маънавий соҳага ёрдам бериш мақсадида тузилган гуруҳлар аҳолининг психологик саломатлигини таъминлашга ёрдам беради.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.