Дунёни ўзгартирган усул

Егуликни тунука банкада узоқ муддат сақлаш усули кашф этилганига 200 йил бўлди.

XVIII аср охирига келиб бу муаммо билан император Наполеон Бонапарт жиддий шуғулланди. 1795 йилда Парижда у ошпазлар ўртасида таомни қандай қилиб узоқ сақлаш бўйича танлов эълон қилди. Ғолибга соврин сифатида ақлбовар қилмас миқдорда – 12 минг франк ваъда қилинганди. Танловда Николя – Франсуа Аппер деган қандолатчи ғолиб чиқди ва уни ҳозирда бемалол консервалаш асосчиси, деб аташ мумкин.

1973 йилда Таймир ярим оролида саёҳатчи Эдуард Толлянинг “хазина”си топилди. У ўлимидан икки йил олдин (1902 йилда ҳалок бўлган) қора кунга асқотар, деган фикр билан озиқ-овқат тўла халтани кўмиб кетганди. Халтада қаттиқ нон ва крупа билан бирга консервалангани ҳам аниқланди.
Ўтмишдан қолган бу егуликларни тадқиқ қилувчилар текширишда давом этмоқда. Олимлар ҳар 12 йилда битта банкани очиб, консервани татиб кўришади ва ўз хулосаларини баён қилишади. Ҳайратлиси шундаки, Толлянинг консервалари орадан 120 йил ўтиб ҳам бузилмабди. Уларни нафақат еса бўлади, балки мазаси янада ширин бўлган. Уни татиб кўрганлар сўзига ишониладиган бўлса, “оғизда шоколаддай эриб кетади”.

Архимед шинаклари
Қадимги қалъаларни суратларда, фильмларда кўргансиз. Қалъа деворлари устида писиниб ёвни ўққа тутиш учун махсус шинаклар – туйнуклар қурилган. Аммо уларнинг қадимги грек олими ва муҳандиси Архимед ўйлаб топиб, ҳарбий ишлар фанига киритганини кўпчилик билмайди.

Унгача шаҳар, қалъани ҳимоя қилувчилар очиқ девор устида туриб, ёвга қаршилик қилишган ва осонгина ёв ўқига нишон бўлган. Архимед девор устида одам бўйи келадиган шинак – туйнуклар қуриш анча хатарсиз эканини сезган. Улар орқасида яшириниб туриб, тепадан душманга зарба бериш жуда қулайлик туғдирган.
Ҳарбий соҳадаги бу кашфиёт Архимед туғилган ва яшаган Сицилия оролида римликларнинг Сиракузага ҳужуми пайтида муваффақиятли қўлланилган ва “Архимед шинаклари” деган ном олган.

Т.Шомуродов тайёрлади.