Дунёнинг 100 га яқин олий ўқув юрти билан ҳамкорлик ўрнатган олийгоҳ ёшларининг мақсадлари қандай?
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректорининг талабалар билан учрашуви самимий мулоқот тарзида ўтди.
– Аслида, сизлар билан ҳар куни кўришамиз, суҳбатлашамиз – бизнинг иш фаолиятимиз шундай, – деди университет ректори, профессор Худойназар Юнусов. – Мен ректорлигимнинг илк кунларидан шу тарзда ишлашга ўрганганман – кўпроқ талабаларни эшитаман, уларнинг фикрлари, таклиф ва ташаббуслари мен учун муҳим. Чунки, бизнинг фаолиятимиз, мақсадимиз ёшларимизга сифатли таълим бериш, малакали мутахассис бўлиб етишишларига имконият яратиш ва шу орқали мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига хизмат қилишдан иборат. Бугунги каби учрашувлар эса йилни сарҳисоб қилиш, бир-биримиз билан очиқ мулоқотга киришиш учун яна бир қулай фурсат.
Учрашувда талабалар ўқув жараёнлари, университетда яратилган шароит, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлардаги ҳамкор олий ўқув юртларида ўқиш, малака ошириш юзасидан ректорга мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Мазкур олий ўқув юртида бугунги кунда 6 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Қисқа вақт ичида университет дунёнинг турли мамлакатларидаги 100 га яқин олий ўқув юрти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Бир неча йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган, ўқитувчилар ва талабалар хорижий грант лойиҳаларида иштирок этмоқда. Яқинда университетнинг беш нафар талабаси нуфузли давлат стипендияларига сазовор бўлди.
Учрашувда бир гуруҳ фаол талабалар университет раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.