Дунёнинг илғор 150 та компанияси мутахассислари Ўзбекистонда IT-аутсорсинг бозорини ўрганди
Шу кунларда Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT-парк томонидан вилоятларда «Offshore Outsourcing Tour 2024» халқаро тадбир ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган тадбирда 30 дан ортиқ мамлакатнинг 150 та компаниясидан 200 нафардан зиёд хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда IT-аутсорсинг бозорини ўрганиш борасида фикр алмашди.
Тадбир доирасида IT-парк ходимлари томонидан меҳмонлар учун Ўзбекистонда компания очиш жараёни ҳақида тақдимот ўтказилди ва тақдимот хорижий компания вакилларида яхши таассурот уйғотди ҳамда юртимизда компания очиш бўйича мутахассислардан тавсиялар олинди.
- Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясига мувофиқ, ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш мақсадида 300 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш кўзда тутилган, - дейди IT-парк Самарқанд ҳудудий филиали директори Шерзод Юсупов. – Юртимизда маҳаллий ва чет эл IT компанияларининг фаолиятини бошлаши ушбу стратегиянинг амалий натижасини кўрсатишга ёрдам беради. Шунингдек, кадрлар малакаси ошади, соҳа ривожланади ва жаҳон технологиялари мамлакатимизда ҳам бўй кўрсатади.
Ташриф давомида хорижлик мутахассислар “SamIT Global” логистика, IT-таълим ва суғурта соҳаларига ихтисослашган компаниянинг Самарқанд шаҳридаги офисида ҳам бўлиб, иш жараёнлари билан танишди, компания тажрибаси ўрганилди.
Учрашувда “SamIT Global” бош директори Санжар Саидқулов компаниянинг IT соҳасидаги ёш истеъдод эгаларига сифатли таълим ва амалий тажрибаларини тақдим этди. Шунингдек, компаниянинг жаҳон бозоридаги стратегик ривожланиши ва самарали ҳамкорликка тайёрлигини эътироф этди.
Муҳокама чоғида меҳмонларга компаниянинг лойиҳалари, қўллаётган технологиялари ҳамда офис очиш учун айнан Самарқанд шаҳрини танлашнинг афзалликлари маъқул тушди. Улар “SamIT Global” компанияси билан ҳамкорлик қилиш ва аутсорсинг соҳасида тажриба алмашишга қизиқиш билдирди. Бу эса компания фаолиятининг нафақат минтақа, балки глобал миқёсдаги аҳамияти ва долзарблигини тасдиқлайди.
Ф.Рўзибоев.