Дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида маҳалла институти мавжуд эмас

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев Конституциямизнинг бошқа давлатлар конституцияларидан фарқли томонларини санади.

Нуриевга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа хорижий мамлакатлар конституцияларига нисбатан кейинроқ қабул қилинган бўлишига қарамасдан, бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради.

 Биринчидан, Бош қомусимизда гендер тенглик масаласида алоҳида модда мавжуд - 46-моддада “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, дейилган. Ваҳоланки, Конституциянинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинлик­ларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Бошқа давлатлар конституцияларида ушбу умумий норма белгилаб қўйилган. Бироқ хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини ифода этувчи алоҳида норма йўқ.

Иккинчидан, маҳалла институтининг мавжудлиги бошқа давлатлар Асосий қонунидаги фарқли жиҳатлардан яна биридир. Жумладан, Конституциямизнинг 105-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маҳалла институтига алоҳида таъриф берилган.

Дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида маҳалла институти мавжуд эмас.

Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги Қонуни билан Конституциямизнинг 105-моддасига ўзгартириш киритилганди. Унга кўра, маҳалла раислари ва уларнинг маслаҳатчилари эмас, балки фақат маҳалла раислари фуқаролар йиғини томонидан 3 йил муддатга (илгари икки ярим йил эди) сайланиши белгиланди.

Учинчидан, оила институтига Конституциямизда алоҳида боб ажратилган бўлиб, ўн тўртинчи боб “Оила” деб аталади ва 4 та моддани (63-66-моддалар) ўз ичига олади.

АҚШ, Австрия, Франция, Дания, Норвегия, Нидерландия каби давлатлар конституцияларида оила ҳақида қоида берилмаган. Айримларида эса бу масала умумий қилиб бир ёки икки моддада мустаҳкамланган, холос. Масалан, Греция конституциясининг 21-моддасида оила миллатнинг сақланиши ва ривожланиши пойдевори сифатида, шунингдек, никоҳ, оналик ва болалик давлатнинг алоҳида муҳофазасида бўлади, деб қайд этилган. Бельгия конституциясининг 22-моддасида эса қисқагина - ҳар ким хусусий ва оилавий ҳаёти ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга, деб ёзилган. Германия конституциясининг 6-моддасида никоҳ ва оила алоҳида ҳимояда эканлиги қайд этилган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида алоҳида боб сифатида қайд этилган. Ҳар бир модда алоҳида аҳамиятга эга ва улардан 66-модда миллий менталитетимизни акс эттириши эътироф этилган. Унда “вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари” мустаҳкамлаб қўйилган.