Конституцияга ўзгартиш киритиш керакми?
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салохиддин Нуриев «Адлия аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
С.Нуриевнинг Конституцияга ўзгартиш киритиш керакми-йўқми, ўзгартириш киритилса қандай фойда бўлиш мумкинлиги ҳақдаги фикрлари билан қуйида танишишингиз мумкин.
***
- Салоҳиддин ака, Ўзбекистон Конституциясига ўтган давр мобайнида ўндан ортиқ ўзгартишлар киритилди. Унинг бошқа давлатлар Конституциялардан фарқли томонлари нималарда?
- Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа хорижий мамлакатлар конституцияларига нисбатан кейинроқ қабул қилинган бўлишига қарамасдан бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради.
Биринчидан, Бош Қомусимизда гендер тенглик масаласида алоҳида модда ажратилган. Масалан, Конституциямизнинг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” дейилган.
Ваҳоланки, Конституциянинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Бошқа давлатлар конституцияларида ҳам ушбу умумий норма белгилаб қўйилган, бироқ хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини ифода этувчи алоҳида норма йўқ.
Иккинчидан, Асосий қонунимизда маҳалла институтининг мавжудлиги бошқа давлатларникидан фарқли жиҳатларидан яна биридир. Жумладан, Конституциямизнинг 105-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маҳалла институтига алоҳида таъриф берилган.
Дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакаталарида, жумладан Германия, Франция, Буюк Британия, Бельгия ва Руминия ва кўплаб бошқа хорижий мамлкатларда маҳалла институти мавжуд эмас.
Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги Қонуни билан Конституциямизнинг 105-моддасига ўзгартириш киритилганди. Унга кўра, маҳалла раислари ва уларнинг маслаҳатчилари эмас, балки фақат маҳалла раислари фуқаролар йиғини томонидан 3 йил муддатга (илгари икки ярим йил эди) сайланиши белгиланди.
Учинчидан, оила институтига Конституциямизда алоҳида боб ажратилган бўлиб, 14-боб “Оила” деб аталади ва жами 4 та моддани (63-66-моддалар) ўз ичига олади.
АҚШ, Австрия, Франция, Дания, Норвегия, Нидерландия каби давлатлар конституцияларида оила ҳақида қоида берилмаган. Айримларида эса бу масала умумий қилиб бир ёки икки моддада мустаҳкамланган, холос.
Масалан, Греция конституциясининг 21-моддасида оила миллатнинг сақланииш ва ривожланиши пойдевори сифатида, шунингдек, никоҳ, оналик ва болалик давлатнинг алоҳида муҳофазасида бўлади, деб қайд этилган. Бельгия Конституциясининг 22-моддасида эса қисқагина - ҳар ким хусусий ва оилавий ҳаёти ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга, деб ёзилган. Германия Конституциясининг 6-моддасида никоҳ ва оила алоҳида ҳимояда эканлиги қайд этилган.
Юқорида таъқидлаганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эса алоҳида боб сифатида қайд этилган. Ҳар бир модда алоҳида аҳамиятга эга ва улардан 66-модда миллий минталетитимизни акс эттиши ва қатор давлатларда эътироф этилган. Унда “вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари” мустаҳкамлаб қўйилган.
- Айни кунларда Бош қомусимизга ўзгартиш киритиш ҳақида гап-сўзлар кўпайган. Сизнингча, айнан қайси моддаларга ўзгартиш киритиш зарурати туғилмоқда? Нима учун?
- Тўғри, бугунги кунда конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида жуда кўплаб фикрлар юрибди. Умуман олганда, жамиятда ижтимоий муносабатлар вужудга келган, ўзгарган сари, ушбу муносабатларни тартибга солиш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб борилади. Яъни, бу табиий жараён.
Шу маънода кейинги пайтларда гувоҳи бўляпмизки, жамоатчилик назоратида энг фаол бўлган қатлам - ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларга жуда кўплаб таҳдид ва турли кўринишдаги тажовузлар бўлмоқда.
Тан олишимиз керакки, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати омили жуда муҳим аҳамият касб этади. Давлат органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида бу институтнинг таъсир доираси ниҳоятда юқори ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги байрами муносабати билан йўллаган байрам табригида “Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз”, деган фикрларни билдирган эди.
Шундай экан бугуни кунда ОАВ мустақиллиги, журналист ва бошқа ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг кафотланиши конституциямизда ўз ифодасини топиши керак деб ҳисоблайман.
- Бу амалда жамият ва аҳоли учун қандай наф келтиради?
Оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар берилиши бу таъсирчан жамоатчилик назоратининг амалга оширилишига сабаб бўлади. Ўз навбатида жамоатчилик назорати давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликнинг таъминланишига хизмат қилади.
Шу билан биргаликда, мамлакатимизда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойи асосида халқимизни рози қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг давлат идораларига мурожаат қилиш, давлат хизматларидан фойдаланиш борасида бюрократик тўсиқлар олиб ташланди.
Аҳолини бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кун тартибидаги асосий масалага айланди.
Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлар том маънода фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг кафотлатланишига олиб келади.
Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.