Ўқувчиларни интеллектуал қобилияти (ИҚ)га қараб ажратиш, алоҳида мактабларда ўқитиш қандай самара беради?

(Давоми)

Беш бармоқ баравар бўлмагани каби инсонларнинг ҳам бўй-басти, жисмоний ва ақлий қобилияти ҳар хил, бу табиий. Шунинг учун кўплаб ривожланган давлатларда мактаб ўқувчилари маълум даврларда (ёшда, синфда) интеллектуал қобилияти (ИҚ)га қараб ажратилади ва алоҳида-алоҳида мактабларда ўқитилади.

Агар биз ҳам ўқувчиларни ИҚга қараб ажратсак, бир қисми камситилган бўлади, деймиз. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари юқори даражада ҳимояланган АҚШ, Германияда буни улар ажратиш, камситиш деб қарамайди, балки табиий ҳол деб қарайди.

Аслида биз ҳам шу муаммога дуч келиб, уни ечишни бошлаган эдик, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ИҚга қараб ажратишнинг меваси эди, лекин маълум сабабларга кўра ишни охирига етказмадик. Бу жараён табиий бўлганлиги ва шуни ҳисобга олиб, муаммони ечмаганлигимиз учун биз яна бошланғич нуқтага келдик. Аммо ИҚга қараб ажратиш табиий зарурат бўлганлиги учун билиб-билмай, уни давом эттиряпмиз. Президент мактаблари бунга мисол. Президент мактабларига ўқувчилар айнан ИҚга қараб танлаб олиняпти. Шунинг учун бундан 25-30 йил олдин қандай муаммога дуч келган бўлсак, яна шу муаммо олдимизда кўндаланг бўлиб турибди. Демак, уни, албатта, ечиш керак. Ҳатто лицей ва коллежларнинг муваффақиятсиз якуни етарли даражада ўрганилгани йўқ. Бу ишнинг аянчли тугашида давлат органлари ва уларнинг масъул шахслари реал вазиятни билмасдан, ўрганмасдан, мутахассисларнинг фикрига қулоқ солмасдан, нотўғри қарорлар қабул қилиши ҳам катта роль ўйнади. Шунинг учун, таълимдаги хато ва камчиликларни келажакда такрорламаслик учун “таълим тарихи”ни узлуксиз ўрганиб бориш керак.

Ўқувчиларни камида икки марта, яъни бошланғич мактабни (4-синф) ва 9-синфни битирганда ИҚ га қараб ажратиш керак. 9-синфдан кейин ўқиш мажбурий бўлмаслиги керак. Ким ўқимайман деса, тегишли ҳужжатни бериб, унга оқ йўл тилаш керак, холос. У 16 ёшни тўлдириб, 17 га ўтган, яъни “суяги қотган” бўлади. Масалан, Германияда ўқиш муддати 5 йил бўлган Hauptschule (бош мактаб)ни тугатган ўқувчилар ишга кириб ишлаши мумкин. Германия мактабларида ўқиш 6 ёшдан бошланишини ҳисобга олсак ўқувчи Hauptschule (бош мактаб)ни тугатганда 15 ёшга тўлган бўлади. Ўқишни хоҳламаганни мажбурлаб ўқитиш имкони, усули йўқ.

Мамлакатда туғилиш жуда катта, ҳар йили қўшимча топган пулнинг бир қисми янги боғча ва мактаб қуришга, янги тарбиячи ва ўқитувчига иш ҳақи тўлашга кетади. Бу бой мамлакатларга ҳам осон эмас. Шунинг учун 9-синфларни тугатган ИҚси юқори бўлган ўқувчиларни 11 йиллик мактабда қолдириб, қолганларини касб-ҳунар ўқув юртлари ва техникумларга ўтказиш керак. Тўққизинчи синфгача асосий фанлардан (она тили, математика ва инглиз тили) 8-9- синф дастури талабига жавоб бермаган ўқувчи кейинги икки йилда уни ўзлаштирмаслиги кундай равшан. Бу 11-синфни тугатмаса, олий маълумот ололмайди, дегани эмас. Эсини йиғиб, техникумни ва тегишли касб-ҳунар билим юртларини яхши тугатганлар фақат ўз йўналиши бўйича институтларга кириши мумкин.

Касб-ҳунар билим юртларидаги ўқиш муддатини 2 йилга етказиш учун касбга алоқаси бўлмаган ҳар хил кераксиз фанларни тиқиштиришнинг кераги йўқ. Баъзи касбларни ўрганиш учун 4-6 ой, баъзилари учун 1,0-1,5 баъзилари учун 2 йил вақт, баъзилари учун эса техникумни битириш керак бўлади.

Агар ҳукумат таълим соҳасида бирор нарса қилмоқчи бўлиб таклиф сўраса, биз ҳамма болаларни 11-синфгача ўқитиш, бир синфда ўқийдиган ўқувчилар сонини камайтириш, бир сменада ўқитиш, физика, кимё лабораторияларини энг яхши асбоб-ускуналар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг ойлигини ошириш, хуллас, илғор мамлакатларнинг мактабларидаги шароитлар бўлишини истаймиз. Лекин масалан, Сингапурникидек, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Япониядагидек шароит яратиб беришга бизнинг мамлакатимизнинг иқтисодий имконияти борми? Бу мамлакатларда аҳоли жон бошига тўғри келувчи ялпи ички махсулотнинг қиймати бизникидан ниҳоятда катта. Шунинг учун ҳар бир соҳага ўйлаб пул ажратишни, уни керакли жойга ишлатишни, тежаб сарфлашни муҳокама қилсак, тўғри бўлади. Менимча ҳозир мактабларда ИҚ юқори бўлган ўқувчиларга етарли миқдорда ва мураккабликда билим, паст бўлганларга эса вақтида касб-ҳунар ўргатмай, вақтни бой беряпмиз. Мактаб ўқувчиларининг халқаро рейтингларда охирги ўринларни олиши, бошқа мамлакатларга кетган ёшларнинг аксариятини кам билим ва малака талаб қиладиган “қора иш”ларда ишлаётганлиги бунга исбот бўлади.

Германияда мактаб таълим тизими 3 босқичга бўлинади: бошланғич (4-синфгача), биринчи ўрта (4 дан 10-синфгача) ва иккинчи ўрта (10 дан 13-синфгача). Ҳамма учун 9 йиллик мактаб таълими мажбурий. Олти ёшга тўлган ҳамма болалар бошланғич мактабга (Grundschule) боради ва у ерда 4 йил ўқийди. Бошланғич мактабни тугатган ўқувчилар Hauptschule, Realschule, Gymnasium ёки Gesamtschule мактабларда ўқишни давом эттириши мумкин. Билими бўш ўқувчилар ўқишни давом эттириш учун Hauptschule (бош мактаб) га юборилади ва у ерда 5 йил ўқийди. Бу мактабларнинг асосий мақсади кам малака талаб қиладиган фаолиятга (мутахассисликларга, соҳаларга) тайёрлашдан иборат. Бу ерда фақат таянч (асос, негиз) бўладиган таълим олиш мумкин. Бу мактабларни тугатган ўқувчилар маълум соҳалар бўйича техникумлар ва институтларда ўқишни давом эттириши ёки ишга кириши мумкин.

Тўққизинчи синфдан кейин ўз ихтиёри билан ишга кетган, ИҚ га кўра касб-ҳунар мактабларига, техникумларга ўтган ўқувчилар ҳисобига ўрта мактабларнинг 10 синфида кўпи билан 25-30 фоиз ўқувчи қолади. Бу ўқувчиларга дарс берадиган билимли ўқитувчини танлов орқали ишга олиб, уларнинг ойлигини кўпайтириш керак, шунда мактабга эркак ўқитувчилар қайтади. ИҚ юқори бўлган ўқувчиларга дарс берадиган ўқитувчиларнинг билим даражаси ва малакаси уларнинг эҳтиёжини қондирадиган, образли қилиб айтганда “миясини тўйғазадиган” даражада бўлиши керак.

Тўққизинчи сифдан кейин ИҚ бўйича мактабдан чиқарилган ўқувчиларни нима қилиш керак? Юқорида айтганимдек, ўқимайман деганини ўқишга мажбур қилмаслик керак. Ўқийман, касб-ҳунар ўрганаман деганларига техникумда ўқиши ёки бирор касб ҳунарни эгаллаши учун ҳамма шароитни яратиш керак. Касб-ҳунар ўргатувчи билим юртларини Самарқанд шаҳрида Корея Республикаси билан ҳамкорликда очилган касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўхшатиб ташкил қилиш керак. Билим юртларини йўналишига қараб замонавий асбоб-ускуналар, мамлакатда мавжуд барча уй-рўзғор анжомлари, саноат махсулотларининг намуналари, электр қурилмалари, токарлик ва бошқа станоклар, компьютер ва қўл телефонларининг моделлари, уларни созлайдиган асбоб-ускуна, анжомлар ва бошқа керакли нарсалар билан доимий равишда таъминлаш зарур.

Тўртинчи синфда ИҚга қараб, юқори малака талаб қилинмайдиган мактабларга ажратилган ўқувчиларнинг ўқув режасида мураккаб фанларнинг соатларини камайтириб, меҳнат фанларининг соатларини ва турларини кўпайтириш керак. Ҳар бир касб эгаси қайси ташкилотда (хусусий, давлат) ишлашидан қатъи назар, маълум касбни (пайвандловчи, токар, электрик, ғишт терувчи, электрон асбобларни тузатувчи уста ва ҳоказо) эгаллагандан кейин уни имтиҳон қилиб, шу соҳада ишлашига рухсат берувчи сертификат бериш керак. Майли, касб-ҳунар билим юртидан ташқарида, масалан, отасидан, акасидан, қариндошидан, устозлардан ўргансин, лекин мустақил ишлаши учун албатта, сертификат олсин. Сертификатлаш, ўқувчини касб-ҳунар билим юртига етаклайди. Сертификати бўлмаганларга паст ҳақ тўланадиган кам малака талаб қиладиган “қора” ишлар қолади.

Агар биз мактабдан ташқарида қолганларни замонавий касб-ҳунарга ўргатсак, имтиҳон қилиб, сертификат берсак, мамлакатда касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг, яъни малакали ишчи кучининг сони ортади. Хусусий ва давлат ташкилотлари сертификати бўлмаган пайвандловчи, электрик, қурувчи, созловчи ва ҳоказо усталарни ишга олмайди. Сертификатлаш йўлга қўйилгандан кейин устани чақирганингизда сертификатинг борми деб сўрайсиз, яъни бу ишлар саводли мутахассисларнинг қўлига ўтади. Давлат пулига қурилган мактаб, боғча, кўп қаватли уйлар, йўллар ва ҳоказо қурилишлар сифатсиз. Бунинг биринчи сабаби коррупция бўлса, иккинчиси, саводсиз, энг арзон ишчи кучидан фойдаланиш. Демак, бундай жойларда саводсиз ишчи кучидан фойдаланишга барҳам берилади ва бу ишнинг сифати ошишига олиб келади. Ўзимизда ҳам сифатли ишга ишонч пайдо бўлади.

Агар мамлакатда мактаб ўқувчиларини ИҚга қараб, адолатли ажратиш йўлга қўйилса, ота-оналар боласига тарбия ва билим бериш масъулиятини ҳис қилади ва бу ўз навбатида топган пулини катта тўйга, данғиллама уйга эмас, балки бола тарбиясига, унга билим беришга сарфлаш кераклигини тушуниб етади. Бу демографик жараёнга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, халқи бой, тўқ яшайдиган Япония, Европанинг ривожланган давлатларида аҳолининг даромади яхши ва болалар сонини кўпайтирганларга давлат катта катта имтиёзлар беришига қарамасдан, табиий ўсиши кам ёки умуман йўқ. Сифатли рақобатбардош махсулот ишлаб чиқараётган завод, фабрика ва корхоналар мураккаб ишлаб чиқариш қуроллари, ўлчов асбоблари, роботлашган технологик тизимлар ва ҳоказо электрон асбоблар билан жиҳозланган. Уларнинг ҳаммаси компьютерлар билан бошқарилади. Демак, уларни ишлатиш учун юқори билим, малака ва тажриба талаб қилинади. Бозор очиқ, рақобат кучли бўлдики, эски маҳсулот билан узоқ муддат ишлаб бўлмайди, демак, маҳсулотнинг сифатини яхшилаб, турини кўпайтириб бориш керак. Бу ўз навбатида ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилаётган асбоб-ускуналарни навбат билан янгилашни, бу эса янги асбобда ишлашни ўзлаштиришни талаб қилади. Кризис туфайли ёки рақобатга дош беролмасдан ёпиладиган корхоналарнинг ишчи хизматчилари бозор талаб қилаётган янги соҳаларни ўзлаштириши керак бўлади.

Бир сўз билан айтганда, ўз билимини, малакасини доим ошириб туриши зарур, йўқса ишсиз қолади. Бой мамлакатларда қорнини тўйғазиш масаласини ўйламаса ҳам бўлади, тарбия, билим бериш масъулияти ва карьера уларни ўйлантиради. Биз ҳам шундай шароитда ишласаккина, ривожланган давлатларда, бой бозорларда маҳсулот сотишни умид қилсак бўлади. Шундай ишламасак, биримиз икки бўлмайди. Юқори билим, малака ва ақлий меҳнат талаб қиладиган бозорбоп маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар очолмаймиз. Очилган тақдирда эса юқори ойлик тўланадиган иш жойларини бегоналар, масалан, хитойлик ва ҳиндистонликлар эгаллайди, чунки сармоядор сифатли маҳсулот чиқариш учун малакали мутахассисларни ишлатади. Биз ҳам болаларимизга яхши тарбия, билим бериш масъулиятини ҳис қилиб, шунга яраша иш қилмасак, болаларимизнинг келажаги билан боғлиқ орзу-умидларимиз рўёбга чиқмайди.

Абдулла Қувватов,

СамДУ доценти.