ДХХ раҳбари ёшларнинг мурожаатларини эшитди, таклифларини қўллаб-қувватлади

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов ёшлар муаммоларини ҳал этиш ва таклифларини эшитиш мақсадида туманларда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”ни ўтказмоқда. Бугун ана шундай учрашувларнинг галдагиси Каттақўрғон тумани ва Каттақўрғон шаҳрида бўлиб ўтди.

Сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувларда 500 нафарга яқин ёшларнинг тадбиркорлик, ишга жойлашиш, спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш, китобхонлик ва компьютер саводхонлиги масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.

Жумладан, Каттақўрғон тумани "Омонбой кўприк" маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Акбар Аҳмедов туманда ёшлар маркази қуришни ва унинг қошида турли тўгараклар ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу таклиф мутасаддилар томонидан маъқулланиб, амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Туманнинг Номозполвон маҳалласида яшовчи Умарали Эрматов эса ёшларга IT соҳасини ўргатиш учун 10 та компьютер жамланмалари сўради ва масала тез кунларда ҳал этилиши маълум қилинди.

Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган учрашувда ҳам ёшларнинг мурожаатлари бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, масъуллар бириктирилди. Хусусан, Зарафшон маҳалласи ёшлар етакчиси Жалолиддин Музроповнинг маҳаллада замонавий спорт майдончаси қуриш таклифи маъқулланган бўлса, Қораравот маҳалласида яшовчи Дилшод Ҳусановга автомашиналарни таъмирлаш учун зарур асбоб-ускуналар олиб бериладиган бўлди.

Учрашув давомида ёшларга янгиланаётган Конституция бўйича 30 апрель куни ўтказиладиган референдум ва унинг моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Фазлиддин Рўзибоев.