Эҳсон дастурхони исрофгарчиликдан холи бўлиши керак

Бу ойда кимдир ибодат, яна кимдир рўзадорлар учун ифторлик қилиб, ажр савобига эга бўлсам, марҳум ва марҳумаларимизнинг руҳларини шод этсам дейди.

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: "Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб, шундай дедилар: "Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой келмоқда. У хайр-эҳсон улашиладиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки, бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савоб берилади". Шунда биз: "Эй Расулуллоҳ! ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку", дедик. Расулуллоҳ с.а.в. "Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса, бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради. Натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди", дедилар.

Мазкур ҳадиси шариф мазмунидан маълум бўладики, рўзадорга ифторлик қилиб бераётган одам учун дастурхоннинг катта кичиклиги эмас, балки унинг кўнглидаги нияти ва ихлоси бирламчи.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўътадилдир" (Фурқон сураси/67).

Ушбу ояти карима маъносига амал қилиб, эҳсон дастурхонларимизни исроф ва дабдабадан холи ўтказишга ҳаракат қилайлик. Айниқса, Аллоҳ таоло юртимизга ўзининг шундай улкан неъматларини бераётган экан, уларнинг қадрига етиб, шукур қилайлик, исрофгарчиликдан тийилайлик.

Нурсултонхон АБДУМАННОНОВ,

Самарқанд шаҳридаги

Дамариқ жомеъ масжиди имом-хатиби.