Эҳтиёж учун эмас, зарарига “ижод” қилмаяпмизми?

Ўтган асрнинг 70-80 йилларида тўй ва базмлар, маросимлар хонадонларда, ҳовлиларда ўтказиларди. Хонадонларда ўтказиладиган тўйлар учун тайёргарлик тўйдан бир неча кун олдин яқинлар, қўни-қўшни ва маҳалла оқсоқолларидан иборат бўлган бир неча кишини чақириб, маслаҳатлашиб, кенгашиб олинарди. Тўй куни ёшлар хизматда, катталар ҳурматда бўларди. Бунда айниқса, кишилар ўртасидаги муносабатлар, урф-одатларимиз бўй кўрсатарди.

Аммо бугунги базмгоҳларда ўтаётган тўй ва маъракалар ҳақида бундай деб бўлмайди. Айниқса, дастурхонга қўйилаётган ноз-неъматларнинг турлари ва ҳажми ҳаддан зиёд ошиб, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ҳолат бир неча бор муҳокамаларга сабаб бўлди. Афсуски, тўй ва маъракаларда бирор ижобий ўзгариш сезилмади. Ўзгариш сезиляпти, фақат салбий томонга. Одамлар ўзлари ўйлаб топаётган янги-янги урф-одатлар қўшиляпти. Бундай “одатлар”га ўз вақтида барҳам бериш, ортиқча сарф-харажатлардан тийилиш лозим.

Базмгоҳлардаги тўйларда мусиқанинг баландлигидан эркин ўтириб, суҳбатлашиб бўлмайди. Дастурхонга тортиладиган ноз-неъматлар керагидан ортиқ.

Тарихимизга назар ташласак, тўй бу белги, овоза қилиш деб тушунилган бўлса, ҳозирда тўй дабдаба, ўзини кўз-кўз қилишдан нарига ўтмай қолди. Назоратсизлик оқибатида кундан кунга янги қилиқлар ўйлаб топиляпти. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан деган қараш устун бўлмоқда.

Исроф - сахийлик, тежамкорлик - зиқналик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди, ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларга харжлайди.

Комилхон КАТТАЕВ,

Маҳдуми Аъзам илмий-тадқиқот фонди раҳбари,

“Дўстлик” ордени соҳиби.