Экинлар ҳимоясини таъминлаш йўлида

Корхонанинг асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашнинг энг самарали кимёвий воситаси бўлган пестицидлар ишлаб чиқариш ва уларни фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига етказиб беришдир.
Шу мақсад доирасида Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида россиялик мутахассислар ҳамда самарқандлик олимлар иштирокида "Қишлоқ хўжалиги ўсимликлари зараркунандалари ҳамда экинлар касалликларига қарши курашда кимёвий воситаларни қўллаш самарадорлигини оширишда илмий ишлаб чиқариш ҳамкорлиги" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда "Щелково Агрохим" акциядорлик жамияти бош директори, Россия Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Салис Каракотов пестицидларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги фойдаси, ундан тўғри ва самарали фойдаланиш усуллари ҳақида сўз юритди. Академик ўзининг қишлоқ хўжалиги экинларини кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқаришни такомиллаштириш борасидаги лойиҳаларини ҳам кўргазмали материаллар асосида тақдим этди. Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Қобилов, Россиянинг Астрахань шаҳридаги "Аминов савдо уйи" бош директори Б.Аминов, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ф.Ҳошимов, "SANAGROHIM" қўшма корхонаси директори А.Мирзаев ўсимликларнинг зараркунандаларига қарши кураш сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
– Ўсимликларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ажралмас қисми бўлиб, дунёнинг аксарият мамлакатларида долзарб муаммо бўлиб қолаётир, – дейди С.Каракотов. – Шу боис ушбу масалага ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари томонидан жиддий эътибор берилмоқда. Биз самарқандлик ҳамкорларимиз билан бу ерда йиллик қуввати 20-25 минг тонна пестицид ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган завод қурилиши борасида келишиб олдик. Корхона ишга тушгач, 100 киши иш билан таъминланади. Энг муҳими, маҳсулот таннархи 25-30 фоизга арзонлашади.

Йўлдош СУЮНОВ,
"SANAGROHIM" қўшма корхонаси матбуот
котиби.