Энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади

Бу тизимнинг йўлга қўйилиши, аввало, давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан яхшилайди. Асосийси, аҳоли сарсонгарчиликларининг олдини олиб, коррупцияни бартараф этишга хизмат қилади. Бу эса давлат хизматлари кўрсатиш, лицензиялаш, солиқ, божхона, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда хизматлар сифатини яхшилайди. 

– Бу тузилма аввалги "Ягона дарча" марказининг вазифаларини тўлиқ ўзида қамраб олиш билан биргаликда аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган бошқа хизматларни ҳам кўрсатади, биз эса улар фаолиятини мувофиқлаштириб борамиз, – дейди давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмал Туробов. – Муҳими, мурожаат қилувчилар қисқа муддатда масаласига ечим топади, тадбиркорлар тезлик билан давлат рўйхатидан ўтказилади. Биргина мисол, 2017 йил 1 апрелдан рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилган эди. Бу эса "Doing Business 2018" глобал рейтингидаги "Бизнесни рўйхатдан ўтказиш" кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24 ўриндан 11 ўринга яхшилашга олиб келди. Янги тизим янада самарали ишлашига эътибор қаратилган. Тизим ишлаб чиқилишида бу соҳада катта самарага эришаётган Россия, Жанубий Корея, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг тажрибаларидан фойдаланилди. Муҳими, ҳозир марказда 58 турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётган бўлса, кейинчалик бундай хизматлар сони босқичма-босқич ортиб бораверади. 

Янги тузилманинг иш жараёнини бевосита кузатиш учун Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида бўлдик. Бу ерда мурожаат этувчилар учун барча шароит ҳозирланган, ходимларнинг барчаси келиб тушган масалаларни ўрганиш билан банд. 
– Марказда хизмат турлари бир мунча кўпайган, – дейди Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази директори Суҳроб Шодибоев. – Аввал "Ягона дарча" марказида мижозларга 34 тагача давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирда тадбиркорлар ва аҳолига 58 турдаги хизматлар таклиф этилмоқда. Авваллари эски тузилмада фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатиларди, ҳозирда аҳолининг барча қатламларига кўмаклашамиз. Тадбиркорлар учун яна бир янгилик. Олдин улар электрон имзони "Ягона дарча"дан, электрон калитни солиқдан олишарди, эндиликда ҳар иккисини ҳам марказдан олиш имкони яратилди. Яна бир яхши томони, электрон рўйхатдан ўтувчиларнинг кўпаяётгани бўлмоқда. Масалан, февраль ойининг 5 иш кунида юридик мақомга эга 9 та, якка тартибдаги 8 та субъект электрон давлат рўйхатидан ўтди ва 52 нафар субъект электрон калит олди. Бу ҳам ишбилармонларимизнинг вақтини тежашда муҳим аҳамиятга эга. 
Тизимнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар сарсонгарчилигини чеклаб, ҳужжатлар ҳаракатланишини белгилайди. Асосийси, ҳар қандай мижознинг қисқа фурсатда масаласи ҳал этилишига эътибор қаратилади. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.
 

* Туғилганликни қайд этиш
* Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш
* Олий таълим муассасаларига ўқишга  кириш учун ҳужжатлар топшириш 
* Ишсизлик нафақасини тайинлаш 
* Ихтирога патентлар олиш