Энди Қўшработда ҳам кулолчилик мактаби бор

Қўшработ туманининг Қўрғон маҳалласида яшовчи Зафар Исмоилов ўзи яшайдиган ҳудуддаги 88- ва Қизилбел қишлоғидаги 14-мактабларда тасвирий санъатдан дарс беради. Шу билан бирга ўзи фаолият юритаётган таълим муассасаларида кулолчилик тўгаракларини ҳам ташкил қилган.

- Болалигимдан миллий ҳунармандлик маҳсулотларига қизиқишим катта бўлган, - дейди З.Исмоилов. – Ўша пайтларда маҳалламиздаги 12 мактабдаги музейда сақланадиган лойдан ясалган нарсаларни ҳайратланиб томоша қилардим. Уларни ясаш, пишириш, бўяш ишлари қандай бажарилар экан, деб ўйлардим. Туманимизда кулоллар йўқ эди. Кейинчалик умумий ўрта таълим мактабини битириб, Тошкентдаги санъат мактаби, кейинчалик Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида ўқиб, кулолчилик сирларини ўргандим.

Ниятим олис Қўшработда ҳам ёш авлодга лойдан санъат асарларини яратишни ўргатиш, чекка қишлоқларда ҳам уста кулолларни кашф қилиш эди. Шунинг учун ҳам ўзим яшайдиган ҳудуддан 40 километр узоқликда жойлашган мактабга ҳам қатнаб, ўқувчиларга ҳунар ўргатиб келяпман.

Бугунги кунда кулолнинг 20 га яқин шогирдлари бор. Улар яратган асарлари билан турли кўргазма ва фестивалларда иштирок этиб келмоқда. Кулол 2018 йилда Хоразмда ўтказилган “Миллий қадриятлар” республика фестивалида биринчи ўринни эгаллаган.

Тўлқин СИДДИҚОВ.