Энди шошилинч тиббий ёрдам шифокорларига юрагингизни ҳам ишониб топширсангиз бўлади

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самақанд филиалида илк бор мураккаб турдаги юрак операцияси амалга оширилди. Мазкур операция Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг малакали мутахассислари иштирокида ўтказилди. Жараён тўғридан тўғри онлайн тарзда марказда фаолият юритувчи жарроҳлар учун намойиш этилиб, маҳорат машғулоти сифатида ўтди.
-Аҳоли орасида юрак қон томир касалликлари сони ортиб бораётгани натижасида унинг асоратлари ҳам кўпайиб бораётганди,- дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самақанд филиали директор ўринбосари Толиб Ўсаров. - Мамлакатимиз раҳбарининг тиббиёт тизимининг энг оғир, кўп маблағ талаб этадиган йўналишларини яхшилашга вилоят, туманлар миқёсида ҳам эътибор қаратишлари туфайли соҳа тамоман янги босқичга кўтарилди. Биргина юрак қон томир тизими хасталиклари мисолида айтадиган бўлсак, 2024 йилда марказга 600 минг АҚШ долларилик ангиограф аппарати олиб келинди. Бу жиҳознинг шифохонамизда бўлиши биз учун эртакдай эди, тўғриси. Шу йилнинг ўзида ушбу аппарат орқали 447 нафар бемор текширувдан ўтказилди. 179 нафарига стентлаш амалиёти ўтказилди. Бир пайтлар айнан шу амалиёт учун ҳам беморлар хорижга боришига тўғри келарди. Бугун ҳатто пойтахтга ҳам юбормаймиз, вилоятнинг ўзида шундай шароит бор.
Ҳозирда нафақат ишемик инсултлар, балки геморрагик инсултнинг олдини одиш бўйича ҳам қатор ютуқларимиз мавжуд.
Шу йилги ангиограф орқали текширув натижаларига кўра 158 нафар беморларимизда тегишли юрак операцияси ўтказилишига эҳтиёж борлиги аниқланди. Ҳозир марказда илк бор ўтказилаётган операция мана шундай беморларимиз орасидан танлаб олинди.
Эндиликда аорта коронар шунтлаш операциясини марказнинг малакали шифокорлари амалга оширади. Айтиш жоизки, шундай операция беморга четда ёки хусусий клиникаларда амалга оширилганда 100 миллион сўм атрофида тушар экан.
Гулруҳ Мўминова.