Энди тракторчи ҳам “права” ва “техпаспорти”ни алмаштиради

Чунки ерга ишлов беришдан бошлаб, барча агротехник тадбирларни бажаришда яроқсиз техника ва тажрибасиз механизатор билан кўзлаган мақсадга етиб бўлмайди.

Жорий йил 17 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2020 йил 1 мартдан бошлаб барча ҳудудларда тракторчи-машинист гувоҳномани расмийлаштирилади, техникани рўйхатдан ўтказишда техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналари берилади. 2020 йил 1 мартдан 31 декабргача техник паспорт ва техник гувоҳнома, машинист гувоҳномаси ва уларнинг берилган вақтидан қатъий назар, эгасининг аризасига асосан мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, олди-сотди, рўйхатдан ўтказиш ва чиқариш даврида алмаштирилади. Эски намунадаги барча техник паспорт ва гувоҳнома, тракторчилар гувоҳномаси ҳам берилган санадан қатъий назар, 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача мажбурий янгиланади ва эски гувоҳномалар 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий ҳисобланмайди. 

Молия вазирлиги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига техникаларни кўрикдан ўтказиш, техник-диагностика воситалари ҳамда зарур ускуналар ва электрон дастур таъминотини харид қилиш учун 7 миллиард сўм маблағ ажратмоқда.

Техникаларни кўрикдан ўтказиш ишлари инспекция ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади. Тасарруфида 10 ва ундан ортиқ техника бўлса, уларни жойида, агар ундан кам бўлса, белгиланган жойда кўрикдан ўтказилади. Хизмат муддатини ўтаган ва белгиланган майдончаларга олиб келиш қийинчилик туғдирадиган техникалар иш олиб борилаётган жойида техник кўрикдан ўтказилади. Техник кўрикдан ўтган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари маълумотлар электрон базасига киритилади.

Абдували Худоёров.