Энди Ургут тумани ДХМда ҳам “права”ни алмаштириш мумкин

Ургут тумани давлат хизматлари марказида эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш хизмати ишга туширилди.

Энди нафақат туман аҳолиси, балки унга туташ бошқа ҳудудлар фуқаролари ҳам узоққа бормасдан мазкур хизматдан шу ернинг ўзида фойдаланишлари мумкин. Хизматни сифатли тақдим этиш учун марказда барча шароит яратилган. Алоҳида хона зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланган. Фуқаролар бир неча дақиқада янги “права”ни ортиқча навбатларсиз олишмоқда.

- Шахсий машинамни бошқараётганимга 12 йилдан ошди, - дейди Лола Султонова. - Йилдан йилга биз учун имкониятлар кўлами кенгайиб бормоқда. “Права”мнинг муддати тугаб бораётгани боис, уни алмаштиришга қийналаётгандим. Ургут тумани давлат хизматлари марказида мазкур хизматни йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Ҳам янги гувоҳномали бўлдим, ҳам бирйўла бошқа хизматлардан фойдаланиб, бир нечта масаламни ҳал қилдим.

Эслатиб ўтамиз, фуқаролар “права”ни алмаштириш учун онлайн ариза беришлари ҳам мумкин. Бунинг учун my.gov.uz портали орқали ариза юбориш кифоя. Марказга ёки ички ишлар органларига боришга ҳожат йўқ. Гувоҳнома марказ ходими томонидан почта орқали юборилади.

Хабарингиз бор, бунга қадар мазкур хизмат давлат хизматлари тизимида фақатгина Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида кўрсатилган. Жумладан, 2022 йилда марказга жами 7 284 ариза келиб тушган. Жорий йилнинг 1-чорагида мазкур кўрсаткич 3150 тани ташкил қилган.

Ушбу хизмат учун давлат божи БҲМнинг 70 фоизи (210 000 сўм) миқдорида бўлиб, агар почта орқали юбориладиган бўлса почта хизмати учун яна 25 000 сўм тўлов амалга оширилади.