Эндиликда “суюнчи пули” банк пластик картасига ҳам ўтказиб берилади
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тўлови Халқ банки томонидан нақд пул шаклида амалга оширилмоқда.
Бу эса ФҲДЁ бўлимларида жойлашган банк кассалари олдида узундан-узун навбатларни юзага келтираётган эди.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тўлови (“суюнчи пули”) ота-онадан бирининг банк пластик картасига ихтиёрийлик асосида ўтказиб бериш имконияти яратилди.
Бунда ФҲДЁ бўлимининг масъул ходими ота ёки онанинг хоҳишига асосан фаол ҳолатда бўлган банк пластик картасини махсус белги орқали танлайди ва бир марталик тўловни банк пластик картасига йўналтиради.
Халқ банки томонидан “суюнчи пули” қисқа муддатда фуқаронинг банк пластик картасига ўтказиб берилади.