“Энг улуғ, энг азиз” вилоят танловида иштирок этинг!
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими, вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишлаб “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловининг вилоят босқичини эълон қилади.
Танловга “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган асарлар-материаллар қабул қилинади.
Танловга қабул қилинган материалларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, шунингдек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурларининг ижроси, мазмун-моҳияти ва тарғиботи акс этганига алоҳида эътибор қаратилади.
“Энг улуғ, энг азиз” вилоят танлови ғолиблари қуйидаги номинациялар бўйича мукофотланади:
– вилоятдаги ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, журналистларнинг публицистик нашрлари;
– босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижодий ишлари;
– оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари;
– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари;
– тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари;
– санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари.
Ҳар бир номинация бўйича учтадан ўрин ажратилади.
Танловда иштирок этмоқчи бўлганлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:
– муаллиф тўғрисида маълумотнома (объективка);
– муаллифнинг фуқаролик паспорти нусхаси;
– номзоднинг манзили ва боғланиш телефон рақамлари.
Танловга 2023 йилнинг 1 августидан 2024 йилнинг 1 августигача бўлган даврда расман чоп этилган адабий-бадиий асарлари, газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телевидение каналларида эфирга узатилган материаллар, намойиш этилган тасвирий санъат ишлари ва фотоасарлар, куй-қўшиқлар қоғоз кўринишда ҳамда электрон шаклда 2024 йилнинг 12 августигача қабул қилинади.
Танлов ғолиблари Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига бағишланган тадбирлар доирасида аниқланади ҳамда қимматбаҳо совға ва диплом билан мукофотланади.
Тақдим этилган ижодий ишлар ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб бўлингач, мукофотланганларни тақдирлаш маросимининг санаси ва вақти эълон қилинади.
Танловда қатнашиш учун тақдим этиладиган намуналар ижодий уюшмалардан, ОАВ жамоаларидан, соҳалар бўйича нодавлат-нотижорат ташкилотларидан, шунингдек, мустақил ижодкорлардан электрон ҳамда босма шаклда Самарқанд шаҳри, Улуғ Турсунов кўчаси, 80-уй, вилоят Матбуот уйида қабул қилинади.
Қўшимча маълумот олиш учун 66-233-91-69, 66-235-28-40, 66-233-43-57, 55-704-96-16 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Ташкилий қўмита.