ЕОИИ билан инетеграциялашув жараёнлари парламент эътиборида
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қамрови ва динамикаси мамлакат иқтисодиётини жаҳондаги интеграциялашган тизимлар билан самарали алоқалар ўрнатишни талаб этмоқда. Айниқса, қўшни ва географик жиҳатдан яқин мамлакатлар, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни ҳудудий уюшмалар шаклида самарали ривожлантираётган мамлакатлар билан узвий алоқаларни ўрнатиш маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш, таннархини пасайтириш, иқтисодиётимизга янги технологияларни олиб келиш, транспорт-транзит салоҳиятимизни янада кенгайтириш, янги экспорт бозорларини топишимизда муҳим аҳамиятга эга.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласига жиддий эътибор бериб, ушбу интеграциялашув жараёни Олий Мажлис палаталари томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилиши, парламент халқ вакиллари сифатида халқ манфаатлари ва уларнинг хоҳиш-иродасини ҳисобга олган ҳолда, хулоса чиқаришлари лозимлигини таъкидлаган эди.
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва партия фракциялари томонидан ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишга оид таҳлилий ва баҳолаш ишлари бошлаб юборилди. Энг аввало, ушбу масала Қонунчилик палатасининг кенгашида атрофлича муҳокама қилинди, ЕОИИ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди ва палата томонидан амалга ошириладиган тадбирлар режаси аниқлаб олинди.
Мазкур масала парламент қуйи палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг ҳам диққат марказида турибди. Қўмита аъзолари томонидан айни пайтда ЕОИИ билан интеграциялашувнинг ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджет, банк-молия соҳаси ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш механизмларига оид етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар батафсил ўрганиб чиқиляпти.
Бундан ташқари, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг чуқурлашиш даражасини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, шу жумладан, ташқи рақобатдан нисбатан ҳимояланган саноат тармоқларининг ўрта ва узоқ муддатда ривожланиш сценарийлари ҳамда уларнинг оқибатларини баҳолашга оид ҳукумат ташкилотлари томонидан амалга оширилган таҳлиллар натижалари бўйича тегишли вазирлик ва қўмиталарга сўровномалар шакллантирилмоқда.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва ЕОИИга интеграциялашув жараёнларида ўзаро боғлиқлик мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётимизга таъсири комплекс ўрганишни талаб этади. Шу туфайли ҳам Қонунчилик палатасида, партиялар фракциялари ва қўмиталарда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан бу борада амалга оширилган зарур чора-тадбирлар тўғрисида, тегишли таҳлилий материаллар ва хулосалар билан танишишга бўлган қизиқиш катта. Юқоридагиларни инобатга олиб, қўмитамизнинг ишчи йиғилишида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги мутасаддиларини видеоконференц алоқа тарзида иштирок этишини таъминлаб, қўмита аъзолари ва партия фракцияларини қизиқтирган саволларга жавоб олишни режалаштирганмиз.
Қўмитамиз белгилаган иш режасига кўра, депутатлар томонидан ЕОИИга аъзо бўлишнинг фойдали жиҳатлари, вужудга келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар ва хавф-хатарлар ҳам алоҳида ўрганилиши белгиланган. Авваламбор, шуни ҳисобга олишимиз керакки, ЕОИИ биз учун катта бозор ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни яратади. Тадбиркорларимизнинг маҳсулотларига ЕОИИ томонидан қўйиладиган техникавий, санитария, ветеринария, фитосанитария стандартлари ва нормаларини қўллашда муайян эркинлик ҳамда енгилликларга эга бўлишимиз мумкин. Шу ўринда иқтисодий ҳамкорликнинг ушбу жиҳатларини ҳам эътиборга олган ҳолда, юқорида айтиб ўтилган соҳа вакилларини ҳам хулосаларини олиш режалаштирилган.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг минтақавий тузилмалар билан интеграциялашуви Евроосиё минтақасидаги давлатлар билан икки томонлама эмас, балки институтлашган ҳолда, тегишли ҳуқуқий меъёрлар орқали алоқаларни ўрнатишни талаб этади. Ҳамкорликни тартибга солиш механизмлари қанчалик тенг ҳуқуқлилик, очиқлик ва шаффофликни таъминласа, келиб чиқиши мумкин бўлган низолар ва ҳар хил муаммолар тез ва адолатли ҳал этилади.
Қайд этиш жоизки, ЕОИИ таъсис ҳужжатлари низомлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлари Ҳукумат томонидан депутатларга тақдим этилди, уларни чуқур ўрганиб чиқиш муайян вақтни талаб этади. Шу туфайли ҳам ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг ташқи божхона сиёсатини мувофиқлаштириш, аъзо давлатлар учинчи мамлакатлар ёки шундай иттифоқлар билан эркин битимлар тузиш, ЕОИИ умумий энергия бозори, умумий акциз маҳсулотлари бозори (алкоголь ва тамаки), умумий аудиторлик хизматлари бозори, умумий пул бирлиги бозори каби муҳим ҳужжатлар ҳуқуқий жиҳатдан чуқур ўрганила бошланди.
Ушбу ўрганиш жараёнларида ЕОИИга интеграциялашувнинг давлат институтларининг роли, самарадорлиги ва иш сифатига таъсири, протекционистик тарифларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига учинчи мамлакатлардан замонавий техника ва технологияларни олиб киришга тўсиқинлик қилиши мумкинлиги, аъзо давлатлар ташқи савдо сиёсатини дунёда юзага келган ҳолатдан чиқиб, мустақил, тез мувофиқлаштириш имкониятлари, аъзо мамлакатлар ўртасида юзага келадиган рақобатни бузиш ҳолатлари бўйича низоларни бартараф этиш қобилияти, ЕОИИ судининг хусусий бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятлари каби яна бир қанча муҳим масалаларга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, парламент томонидан ушбу ўрганишлар Ўзбекистон ЕОИИга қандай шаклда аъзо бўлиб кириши мақсадга мувофиқ эканини кўрсатиб беради. ЕОИИ билан ҳамкорликнинг маълум бир шаклини (тўлақонли аъзо, кузатувчи мақомига эга бўлиш ёки ЕОИИ+1) танлаб, уни амалга ошириш муайян бир муддатни талаб этади. Шуни эътиборга олган ҳолда, аввало, Ўзбекистоннинг интеграциялашув тузилмаларига аъзо бўлиши мамлакатимиз иқтисодиётидаги барқарорлик, бозоримиздаги нарх-наво ва саноатимизга қандай таъсир қилишига оид тасаввурларни шакллантириб олиш жуда муҳим масала.
Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан интеграциялашув жараёни ташқи савдо ва инвестиция сиёсатимизда катта ўзгаришларга олиб келишини назарда тутган ҳолда, депутатларимиз ЕОИИ билан интеграциялашувнинг ижобий ва салбий томонларига етарлича тўғри баҳо бера олади, деб ўйлайман. Маълумот учун айтмоқчиманки, бу борада фракциялар ва қўмиталарда ушбу мавзуга оид баҳс-мунозаралар бошлаб юборилган. Бу эса, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларида яқин келажакда танлаб оладиган ривожланиш векторини тезроқ аниқлаб олиш имконини беради.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси