Ер ажратиш ҳақида қарори бўлмаган ер участкаларини расмийлаштириш ишлари якунланади
“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, кадастр соҳасидаги айрим маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори (610-сон, 18.10.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Кадастр агентлиги томонидан Миллий геоахборот тизимида очиқ маълумотлар асосида оммавий геопортал юритилади ва у 2023 йил 1 январга қадар ишга туширилади.
Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ишлари фақат ахборот тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади.
2024 йил 1 январга қадар давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари амалда фойдаланиб келаётган, бироқ ер ажратиш ҳақида қарор қабул қилинмаган ер участкаларини расмийлаштириш ишлари якунланади.
Давлат кадастрларини юритувчи ваколатли органлар 2022 йил охирига қадар ўзларининг маълумотлар базалари ахборот тизимига тўлиқ интеграция қилиниши таъминланади.
Малака шаҳодатномасига эга бўлган кадастр муҳандислари ахборот тизимидан фойдаланилганлиги учун ҳар ойда БҲМнинг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширади.
Очиқ маълумотлар оммавий геопортал орқали давлат бошқаруви органларига бепул, жисмоний шахслар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа юридик шахсларга тўлов эвазига тақдим этилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги ер участкаси кадастр рақами, унинг манзили ва ундан фойдаланиш мақсади тўғрисидаги маълумотларни фойдаланувчилар томонидан бепул олиш имконияти яратилади.