Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қандай?
Мулк дахлсизлиги ҳар кимнинг ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга эканлигини англатади. Бу фуқаролик масъулиятининг ошиши, давлат олдида барчанинг тенглигини таъминловчи муҳим омилдир.
Бу борада кўчмас мулкнинг кадастр идораларидан давлат рўйхатидан ўтганлиги муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш — юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги фактини давлат томонидан тан олинишини билдиради.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган саккиз ойида вилоятимиз ҳудудида жойлашган кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилоят бошқармасига Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Нотариуслар орқали юридик ва жисмоний шахслар номидан 56 минг 423 та буюртма келиб тушган бўлиб, шундан 40 минг 192 та буюртма ижобий ҳал этилган. 13 минг 606 та буюртма рад қилинган ва 2625 та буюртма учун ўрнатилган тартибда тўлов шаклланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар тўлови кутилмоқда.
Бундан ташқари 2020 йилдаги 594 та буюртма, 2021 йилдаги 966 та буюртма, 2022 йилдаги 1350 та буюртма тўлови амалга оширилиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги қарори билан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкка, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат нотариуснинг талабномасига асосан электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқ эгасини ўзгартириш шаклида киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилиши белгиланган. Юқорида қайд этилган тўлови кечикаётган ҳолатларнинг деярли барчаси вилоятимиздаги нотариуслар орқали келган аризалар билан кузатилмоқда.
Бу тўлови кутилаётган буюртмаларнинг тўлови ўз вақтида амалга оширилмаслиги натижасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари кечикишига ва бу ўз навбатида кўчмас мулк эгасига ва бир қанча давлат идораларига бир қатор ноқулайликларни юзага келтиради. Сабаби, тўлов амалга оширилмагандан сўнг юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги кадастр идорасидан расман давлат рўйхатидан ўтмайди ва натижада “Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан кўчирма” берилмайди. Бу ўз навбатида, кўчмас мулкка оид маълумотлар кўчмас мулкнинг эски эгаси номида туради ва ушбу кўчмас мулкка тааллуқли ҳар қандай солиқ тўловлари ва кўчмас мулкнинг аввалги эгасига суд, прокуратура, ИИБ, мажбурий ижро бюроси ва нотариуслар томонидан қўлланиладиган чекловлар, тақиқлар мазкур кўчмас мулкка ҳам қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин. Бунда, тегишли кўчмас мулкка қўлланиладиган чекловлар ва тақиқлар солиқ, ИИБ, мажбурий ижро бюроси ва нотариуслар томонидан тўғридан-тўғри автоматик равишда интеграцион электрон тизим орқали амалга оширилади. Шунингдек, бошқа ваколатли органларнинг тегишли кўрсатма хатига асосан бажарилади.
Бу масаланинг яна бир оғриқли томони, агар бугунги кунда “тўлови кутилмоқда” бўлиб турган буюртмаларни бекор қилиб, янгидан буюртма қилиш талаб этиладиган бўлса, тўлови кутилаётган буюртмаларни 2020 йилдан бошлаб инобатга оладиган бўлсак, ўтган йиллар давомида республикамизда ойлик иш ҳақлари бир неча бор оширилганлиги, базавий ҳисоблаш миқдори ҳам ўзгарганлиги сабабли, тўланиши лозим бўлган сумма ошишига олиб келади.
Кадастр соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, чекланганда ёки бекор бўлганда ёхуд кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, гаров хати расмийлаштирилганда эса – кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари шартлиги назарда тутилган.
Шу боис жорий йилнинг 1 мартидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ЎРҚ-803-сонли Қонунига асосан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳақ тўланмаган бўлса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, юртдошларимиздан бу масалага алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз.
Азамат Нишонов, Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси.