Кўчмас мулкка оид низоларни судгача ҳал этиш осонлашмоқда
Жорий йилнинг 29-август куни Вазирлар Маҳкамасининг 426-сон қарори билан “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур тартиб бундан олдин собиқ “Давергеодезкадастр” қўмитасининг 2019-йил 11-мартдаги 4-сонли қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2019-йил 22-апрелда 3156-рақам билан рўйхатдан ўтказилган) асосида йўлга қўйилган эди. Эндиликда ҳукумат даражасида тасдиқланган низом талаблари асосида иш юритилиши белгиланди.
Олдинги тартиб бўйича манфаатдор шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан мурожаатлари тегишли ҳудудий бошқарма (ҳудудий бошқарма — рўйхатдан ўтказувчи органнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари) қошидаги доимий равишда фаолият юритадиган комиссия (ҳудудий бошқарма раҳбарининг буйруғига асосан 5 кишидан кам бўлмаган, комиссия раиси, котиби ва аъзолари таркибида тузилади) томонидан судгача кўриб чиқиш ваколати мавжуд эди.
Янги низомдаги тартиб бўйича, комиссия рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғига асосан, 7 нафардан иборат бўлади.
Янги таркибда лавозимига кўра, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи – комиссия раиси, ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари – комиссия раиси ўринбосари ва аъзолари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳудудий бошқармасининг масъул ходими, Адлия вазирлиги ҳудудий бошқармасининг масъул ходими, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ҳудудий бошқармасининг масъул ходими, Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг масъул ходими ҳамда Давлат кадастрлар палатаси ҳудудий бошқармасининг масъул ходими – комиссия котибидан иборат бўлади.
Комиссия хулосасидан норози бўлган манфаатдор томонлар қайта мурожаатини кўриб чиқиш учун апеллятсия комиссиялари ҳам мавжуд бўлиб, олдинги тартибда апеллятсия комиссияси таркиби 5 нафардан иборат бўлган бўлса, эндиликда 7 нафардан иборат бўлиши белгиланди.
Комиссия таркибига адлия органлари ходимлари ва адвокатлар палатасининг масъул ходимлари жалб этилиши мулкий низоларни кўриб чиқиш вақтида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, олдинги тартибда комиссия хулосасидан норози бўлган манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи комиссия хулосасини олган кундан бошлаб 10 кун давомида апеллятсия комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эди. Энди янги тартиб бўйича манфаатдор шахс комиссия қароридан норози бўлса, қарорни олган кундан бошлаб 2 ой муддатда апеллятсия комиссиясига мурожаат қилиши мумкин. Бунда комиссиянинг биринчи қарорига норозилик вужудга келганда, қайта аппелятсия комиссиясига мурожаат қилиш муддати қўшимча 50 кунга узайтирилмоқда. Бу билан манфаатдор тарафларга мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга янда кенгроқ имконият яратилмоқда.
Манфаатдор шахс комиссия ва апеллятсия комиссияси қарорларидан норози бўлган ҳолатларда белгиланган муддатларда судга шикоят қилиши мумкин.
Янги тизим аҳоли орасида учрайдиган мулкий низоларни судгача ҳал этиш механизмини белгилаб беради. Бу эса мулкдорларнинг турли хил оворагарчиликлари олдини олиш ва масалани қисқа муддатда, осон ҳал этиш имкониятини яратади.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармаси қошидаги кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга 7 та мурожаат келиб тушган бўлиб, барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қонун талаблари доирасида ижобий ҳал этилган.
Ҳилола РАЖАБОВА,
Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси
бош юрисконсулти.