Эр-хотин салкам 800 грамм “опий”ни ички аъзоларида яшириб ўтаётганда ушланди

Божхона чегаралари орқали гиёҳвандлик воситаларини яширинча олиб ўтишнинг дунё бўйлаб энг кўп кузатиладиган усулларидан бири ўзидан “жонли контейнер” сифатида фойдаланишдир.

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ва “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари наркотик моддаларни ички органларига яширганча олиб киришга уринган шахсларни тўхтатишди.

Мазкур пост орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаролардан бири божхона ходимининг эътиборини тортди. Йўловчи “Body scaner” қурилмаси орқали шахсий кўрикдан ўтказилганда бу шубҳалар тасдиғини топди. Яъни, аёлнинг ички аъзосига 3 дона ўрам яширилганлиги аниқланди.

Ўрамлар шифокорлар кўмагида ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичида жами оғирлиги 255 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги маълум бўлди.

Ушбу фуқарога ҳамроҳлик қилаётган турмуш ўртоғи ҳам тезкор ходимлар томонидан дарҳол кузатувга олинди ва Самарқанд шаҳридаги шифохоналардан бирига олиб келинди.

Тиббий кўрик давомида ушбу шахснинг ички аъзоларидан 4 дона ўрамлар чиқариб олинди. Мазкур ўрамларга 541 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси жойланган экан.

Ўзидан “жонли контнейнер” сифатида фойдаланган йўловчилар томонидан жами оғирлиги 796 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини олиб киришга уринишнинг олди олинди.

Ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.