Эрдўғон юрак хуружини бошдан кечиргани рад этилди: Аммо соғлиғидаги муаммолар сабаб айрим тадбирлар қолдирилиши мумкин
Хабарингиз бор, кеча Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жонли эфир пайтида тўсатдан ўзини ёмон ҳис қилиб, кўрсатув бир муддат тўхтаб қолганди.
Кейинчалик унинг юрак хуружига учрагани ва шифохонага ётқизилгани ҳақида тарқалган хабарларни Эрдўғон маъмуриятининг алоқа бўлими қошида ташкил этилган Дезинформацияга қарши кураш маркази рад этган.
Шу билан бирга Соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли иштирок этиши керак бўлган қатор тадбирларни предизент бекор қилган. Бу ҳақда у ўзининг Twitterида ёзган.
Хусусан, Эрдўғон шифокорларнинг талабига кўра, кунни уйда ўтказишини айтган. Шунингдек, бўлажак тадбирларда унинг ўрнига Туркия вице-президенти Фуат Октай келишини қўшимча қилган.
Кейинроқ Туркиянинг ҳукмрон партияси вакили Эркан Кандемир Twitterдаги саҳифасида Эрдўғон "Аккую" атом электр станциясига ядро ёқилғиси етказилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимда шахсан қатнашмаслиги ва тадбирда видео форматда иштирок этишини айтган. Кандемир, шунингдек, президент иштирокида пайшанба куни ўтказилиши режалаштирилган митинг бошқа санага кўчирилганини маълум қилди.
BBC хабарига кўра, 25 апрель оқшомида Эрдўғон маҳаллий телеканаллардан бирига тўғридан-тўғри эфирга узатилган интервью вақтида ўзини ёмон ҳис қилган. Эшиттириш узилган ва у қайта бошланганидан сўнг президент тингловчилардан узр сўраб, воқеани шамоллаш ва сайловолди ташвиқоти туфайли оғир иш билан изоҳлаган.