Эрдош Аҳадовни ёд этиб

Пайариқ туманида журналистлар ва жамоатчи мухбирлар ўртасида турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган таниқли юрист Эрдош Аҳадов хотирасига бағишлаб шахмат бўйича хотира турнири ўтказилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, "Пайариқ ҳаёти" газетаси муҳаррири А.Тавбоев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси ўринбосари Б.Хидиров, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Н.Холмахамматова, Эрдош Аҳадовнинг синглиси Ж.Аҳадова тажрибали ҳуқуқшуноснинг ҳаёти, ибратли ишларини ёдга олдилар.

– Аҳадовлар туманимизнинг ибратли, зиёли оиласи ҳисобланади, - деди Азамат Тавбоев. – Сулоланинг катта вакилларидан бири Эрдош ака ҳам маърифатга жуда катта эътибор қаратарди. Айниқса, оммавий ахборот воситалари, журналистлар билан яқин ҳамкорлик қилар, ўзи ҳам қоғоз қоралаб турарди. Бугун, шахмат мусобақаса баҳонасида Эрдош ака билан боғлиқ хотираларни эслаяпмиз, у кишининг ибратли ҳаёти, фаолиятини ёшларга намуна қилиб кўрсатяпмиз. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мусобақани ташкил этган Жибак опа ва Бахтиёр Примовга, Эрдош аканинг фарзандлари Баҳодир, Мурод, набираси Аслбек Эрдошевларга миннатдорлик билдирамиз.  

Эрдош Аҳадов Пайариқнинг асл фарзандларидан эди. У 1946 йилда Оқтош (аввалги Аҳад Примов) маҳалласида туғилган. Отаси Аҳад бобо ва онаси Улбозор Примоваларнинг тарбиясини олиб, унда илмга иштиёқ кучайди. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университет)нинг юридик факультетида ўқиди. Университетни муваффақиятли тугатгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда терговчи, прокурор бўлиб ишлади. Сўнгра ўтган асрнинг 90-йилларида тумандаги "Ўзбекистон", Бопил Ҳасанов номли хўжаликларни бошқарди, Пайариқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлади. Нафақага чиққандан сўнг адвокатлик қилиб, ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқароларга юридик хизмат кўрсатди. Эрдош ака қаерда, қайси лавозимда ишламасин юрт учун, қонун устуворлигини таъминлаш учун меҳнат қилди. Шу туфайли эл ўртасида обрў-эътибор қозонди.

– Эрдош акам ҳаёт бўлганларида бу йил 80 ёшга тўлган бўларди, - дейди синглиси Жибак Аҳадова. - Журналистика бўйича ўқиб, газетачиликнинг сир-асрорларини ўрганишим, бу касбга меҳр қўйишимда акамнинг ҳиссаси катта бўлган. У киши биринчи устозим десам ҳам бўлади. Чунки энди эсимни таний бошлаганимда акам юқори синфда ўқир, мактаб ҳаётига оид хат-хабарлар ёзиб турар, ёзган хабарлари туманимиз газетасида босилиб турарди. Мени ҳам хабар ёзишга, кўп китоб ўқишга ундардилар акам. 

Қизғин кечган баҳслар якунига кўра, жамоатчи мухбир Раҳматулла Қоржовов биринчи ўринни қўлга киритди. Асомиддин Очилов ва Ўктам Назаров кейинги ўринларни банд этишди. 

Турнир ғолиблари ва барча иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.